Жамият | 13:55 / 20.03.2026
1574
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда байрам кунлари жамоат транспорти учун махсус жадвал жорий этилди

Рамазон ҳайити ва Наврўз байрамлари муносабати билан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати вақтинчалик махсус жадвал асосида ташкил этилди.

Фото: Транспорт вазирлиги

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълумотига кўра, 2026 йил 20–23 март кунлари пойтахт автобус йўналишлари махсус тартибда ишлайди.

Жумладан, 20, 21 ва 22 март кунлари автобуслар якшанба куни учун тасдиқланган жадвал асосида ҳаракатланади. 23 март куни эса автобуслар шанба кунги жадвал бўйича хизмат кўрсатади.

Шунингдек, Рамазон ҳайити куни — 20 мартда автобуслар ҳаракати эрталаб соат 04:00 дан бошланган.

Мазкур қарор фуқароларга қулайлик яратиш, йўлларда тирбандликларни камайтириш ҳамда байрам кунлари хавфсиз ва сифатли жамоат транспорти хизматини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Мутасаддилар байрам кунлари транспорт оқими ортишини инобатга олган ҳолда, фуқароларни шахсий автомобилдан кўра жамоат транспортидан фойдаланишга чақирмоқда.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид