Жаҳон | 14:11 / 20.03.2026
2127
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Киевга ёрдам ваъда қилди, аммо 90 млрд евролик кредитни очмади

Венгрия Украинага аввалдан келишилган 90 миллиард евролик кредит ажратилишини ҳамон тўсиб турибди. ЕИ саммити иштирокчилари биринчи тўловни барибир апрел бошига қадар амалга оширишга эришиш мумкинлигига умид билдирди.

Фото: today.ua

Европа Иттифоқи саммити Украинага Россия тажовузига қарши курашда келгусида ҳам қўллаб-қувватлашни ваъда қилди, аммо аввалдан келишилган 90 миллиард евро миқдоридаги кредитни блокдан чиқариш бўйича келишувга эриша олмади

19 март, пайшанба куни ЕИнинг 27 давлатидан 25 таси давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан қабул қилинган декларацияда шундай дейилган: “Шу нуқтаи назардан, Украинага ўзини ҳимоя қилиш ва Россия тажовузига қарши туриш учун зарур бўлган бюджет ва ҳарбий ресурсларни таъминлаш ниҳоятда муҳим”.

Венгрия қаршилиги шароитида Украинага декабр ойида ваъда қилинган маблағлар қандай тарзда етказилиши масаласи ҳужжатда четлаб ўтилган. Унда фақат Украинага биринчи тўлов “апрел бошига қадар” амалга оширилишига умид билдирилган, аммо молиялаштириш механизми аниқ кўрсатилмаган. Шу билан бирга, учинчи давлатлар Украинада қолган 30 миллиард евролик молиявий бўшлиқни ёпишга фаолроқ кўмак беришга чақирилган.

Украина президенти Володимир Зеленский Еврокенгаш йиғилишидан олдин Венгрия тўсиб қўйган 90 миллиард евролик ЕИ ёрдам пакети унинг мамлакати учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг тўлиқ кўламли босқинига қаршилик кўрсатаётганига бешинчи йил бўлаётган Украина “жуда оғир аҳволда”.

Зеленский шунингдек, сўнгги кунларда АҚШдан Россия билан тинчлик музокаралари тез орада қайта тикланиши мумкинлиги ҳақида сигналлар олганини маълум қилди ва Украина Европа Иттифоқи билан биргаликда Россия шикаст етказган “Дружба” нефт қувурини тиклаш устида ишлаётганини қўшимча қилди.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан саммитдан олдин Киевга 90 миллиард евро тўлаш бўйича блоклашни фақат Украина ҳудудида шикастланган қувур орқали Россия нефтини етказиб бериш қайта тикланганидан кейингина олиб ташлашини айтган эди. Бу ЕИнинг қатор бошқа давлатлари ҳукуматлари томонидан кескин танқидга сабаб бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид