Иқтисодиёт | 21:06 / 21.03.2026
657
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни қандай ўзгарди?

Ўзбекистон 2026 йилдаги Иқтисодий эркинлик индексида ўз ўрнини 14 поғонага яхшилаган ҳолда 184 та мамлакат орасида 86-ўринни эгаллади. Мамлакат иқтисодиёти ҳисобот эълон қилина бошланганидан бери биринчи марта «ўртача эркин» даражага кўтарилди. Бир қатор индикаторларда ўсиш кузатилган, шу билан бирга, суд-ҳуқуқ тизими самарадорлиги ҳамда бизнес юритиш эркинлиги кўрсаткичлари сезиларли даражада ёмонлашган.

Фото: Freepik

Ўзбекистон 2026 йилги иқтисодий эркинлик индексидаги ўрнини 14 поғонага яхшилади ва 184 давлат орасида 86-ўринни эгаллади. 2025 йилга нисбатан мамлакатнинг иқтисодий эркинлик даражаси 2,3 пунктга ошди ва 60,3 кўрсаткичга етди (максимал натижа – 100 балл). Рейтингда Ўзбекистоннинг энг яқин қўшнилари Сан-Томе ва Принципи (85-ўрин) ва Намибия (87-ўрин) ҳисобланади.

1998-2026 йилларда Ўзбекистонга берилган умумий баллнинг ўзгариш динамикаси

Кўрсаткичлар ўзгариши

Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 2025 йилга нисбатан 12 та индикаторнинг 8 тасида ижобий ўзгаришларни қайд этган, 2 та индикаторда эса салбий ўзгаришлар кузатилган. Шунингдек, яна 2 та индикатор бўйича нарижалар ўзгаришсиз қолган.

Қонун устуворлиги:

  • мулкий ҳуқуқи — 43,1 (+9,6);
  • давлат яхлитлиги — 32 (+0,8);
  • суд-ҳуқуқ тизими самарадорлиги — 13,7 (-0,8).

Давлат аралашуви даражаси:

  • солиқ юки — 95 (+2,2);
  • давлат харажатлари — 73,7 (+0,1);
  • фискал саломатлик — 79,9 (+6,6).

Давлат томонидан тартибга солиш самарадорлиги:

  • бизнес юритиш эркинлиги — 62,5 (-1,9);
  • меҳнат бозори эркинлиги — 48,4 (+0,5);
  • пул эркинлиги — 65,1 (+0,5).

Бозорнинг очиқлиги:

  • савдо эркинлиги — 80,6 (ўзгармаган);
  • инвестиция эркинлиги — 70 (+10);
  • молиявий эркинлик — 60 (ўзгармаган).

Мамлакатлар иқтисодиёти беш гуруҳга бўлинган: эркин (80 дан 100 баллгача), асосан эркин (70−79,9 балл), ўртача эркин (60−69,9), асосан эркин бўлмаган (50−59, 9) ва репрессив (0−49,9). Янги рейтингда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳисобот эълон қилина бошланганидан бери биринчи марта ўртача эркин даражага кўтарилди. Хусусан, республика 1998-2006 йилларда репрессив, 2007-2009 йилларда иқтисодиёти эркин бўлмаган, 2010-2016 йилларда яна репрессив, 2017-2025 йилларда иқтисодиёти эркин бўлмаган мамлакатлар қаторига киритилганди.

«Ўзбекистонда умумий қонун устуворлиги заиф. Мамлакатдаги мулкчилик ҳуқуқи, суднинг самарадорлиги ва ҳукумат яхлитлиги рейтинги жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан паст», дейилади ҳисоботда.

Қўшни мамлакатларнинг ўрни қандай?

МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткичларни Арманистон (52-ўрин) ва Озарбойжон (67-ўрин) қайд этган. Кейинги поғоналардан Қозоғистон (68-ўрин), Молдова (101-ўрин), Қирғизистон (114-ўрин), Тожикистон (131-ўрин), Россия (145-ўрин), Беларус (150-ўрин) ва Туркманистон (160-ўрин) ўрин олган.

Умумий рейтингнинг энг юқори 3 та поғонасини Сингапур (84,4 балл), Швейцария (83,7 балл) ва Ирландия (83,3 балл) эгаллаган бўлса, энг қуйи ўринларда Венесуэла (27,3 балл), Куба (25,2 балл) ва Шимолий Корея (3,1 балл) қайд этилган. 8 та давлат: Афғонистон, Ироқ, Ливия, Лихтенштейн, Самоли, Сурия, Украина ва Яманга турли сабабларга кўра рейтинг берилмаган.

Умумий иқтисодий эркинлик бўйича ўртача кўрсаткич эса ўтган йилги 59,7 баллда 59,9 баллга ошган. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид