Технология | 07:34
637
2 дақиқада ўқилади

Рейтинг: 2025 йилда энг кўп ҳуманоид робот етказиб берган компаниялар

2025 йилда дунё бўйича ҳуманоид роботлар етказиб бериш ҳажми 14 500 донадан ошди. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб бу технология оммавий тарқалиш босқичига ўтиши мумкин.

Фото: REUTERS

Жаҳон бозорида мутлақ етакчи Хитой бўлди — умумий сотувларнинг тахминан 90 фоизи айнан шу мамлакат ҳиссасига тўғри келди. Ҳозирча асосий етказиб беришлар илмий тадқиқотлар ва саноат соҳасига йўналтирилган, аммо яқин келажакда бундай роботлар чакана савдодан тортиб маиший вазифаларгача бўлган кенгроқ бозорга чиқиши мумкин.

Турли манбалардан жамланган ва Rest of World нашри томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, мазкур рейтинг соҳа жадал ривожланаётган бир пайтда ҳуманоид роботлар етказиб бериш ҳажми бўйича етакчилик қилаётган компанияларни кўрсатади.

2025 йилда биринчи ўринни Хитойнинг Unitree компанияси эгаллади — у 5 500 та робот етказиб берди. Бу кўрсаткич бир йил олдинги тахминан 1 500 донага нисбатан анча юқори. Компания моделлари бозордаги энг илғор ва шу билан бирга энг ҳамёнбоп роботлардан бири ҳисобланади. Масалан, R1 базавий модели атиги тахминан 5 900 доллар туради, компаниянинг робот-итлари эса тахминан 1 600 доллардан сотилади.

Иккинчи ўринда — AgiBot компанияси, у 5 168 та қурилма сотган. Унинг моделларининг энг паст нархи тахминан 14 500 доллардан бошланади. Умуман олганда, 2025 йилда Хитойда ҳуманоид роботларнинг 21 та янги модели тақдим этилди, ҳолбуки 2022 йилда улар атиги учта эди.

Тадбиркор Илон Маскнинг сўзларига кўра, 2040 йилга бориб ҳуманоид роботлар сони одамлар сонидан ошиб кетиши мумкин. Бироқ Tesla бу йўналишда анча секин илгариламоқда: 2025 йилда компания Optimus моделининг атиги 150 та нусхасини етказиб берди, оммавий сотувлар эса фақат 2027 йилда бошланиши кутилмоқда.

Шунга яқин ҳажмларни бошқа америкалик ишлаб чиқувчилар — Figure AI ва Agility Robotics ҳам намойиш этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид