Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон ўз қўшниларининг фуқаролик объектларини бомбалаши тўғрими?
Эрон кучлар нисбати тенг бўлмаган урушда омон қолиш учун дунё иқтисодиётини “асирга олмоқчи”. Бу стратегия аллақачон иш бера бошлаган: АҚШ Эрон нефтига санкцияни ечди, Вашингтонга ҳар томондан босим ортиб бормоқда. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида шу ҳақда сўз бораркан, Теҳроннинг Кўрфаз араб давлатларидаги иқтисодий объектларига ҳужумлари баҳсга сабаб бўлди..
— Эроннинг қўшни давлатларга зарба беришдан бошқа чораси йўқми?
Ойбек Сирожов: Эрон ўз атрофидаги энергия ресурсларига зарба беришдан бошқа йўл кўрмаяпти. Сабаби – Америка Қўшма Штатлари масофа жиҳатдан жуда узоқда жойлашган, у ерга етиб борадиган ракеталари мавжуд эмас, шу боис тўғридан тўғри зарба бериш имконсиз. Ҳатто Ҳинд океанидаги Диего Гарсиа ҳарбий базасига йўналтирилган ракеталар ҳам манзилга етиб бормади.
Худди шундай вазият Исроил билан ҳам кузатилмоқда: ҳужум қилган билан аксарият ракета ва дронлар тутиб қолинади.
Шу сабабли Эроннинг асосий стратегияси атрофидаги энергия объектларига зарба бериш орқали Исроил ва Америка Қўшма Штатларига нисбатан глобал босимни кучайтиришдан иборат. Бу тактика маълум даражада натижа бермоқда. Масалан, Доналд Трамп бу зарбалардан сўнг баёнот бериб, агар бундай ҳужумлар давом этса, қатъий жавоб чораси кўрилишини таъкидлади.
Бу эса муайян сигнални англатади, агар Эрон энергия инфратузилмасига зарба берилса, у ҳолда Форс кўрфазидаги барча энергетика объектлари хавф остида қолади ва бу бутун дунё иқтисодиётига таъсир кўрсатади. Бундай вазиятнинг акс-садоси ҳатто Европада ҳам сезила бошлайди. Демак, Эроннинг бошқа реал варианти деярли йўқ.
Россия Украинага бостириб кирганида, АҚШ ва Европа дарҳол ёрдам беришини эълон қилган ва амалда ҳам бу ёрдам давом этмоқда. Эроннинг асосий заиф томони – уни очиқ қўллаб-қувватлайдиган кучли иттифоқчисининг йўқлиги. Яъни Украина каби орқасида мустаҳкам блок йўқ. Бугунги кунда Хитой ёки Россиядан ҳам шундай очиқ ва кенг кўламли ёрдам кутиш қийин. Шу сабабли Эрон ҳозирча якка ҳолда ҳаракат қилишга мажбур ва мавжуд шароитдан келиб чиқиб, ана шундай стратегияни танламоқда.
Шавкат Икромов: Эроннинг Кўрфаздаги нефт ва газ конларига зарба бериши – нисбатан самарали ва мажбурий ёндашув. Америка Қўшма Штатларининг санкциялар сиёсатида ва глобал энергетика бозорида маълум даражадаги ён беришларга бораётганини кўряпмиз. Уруш бошланганидан буён АҚШ бир неча бор ўзининг қатъий санкция сиёсатини юмшатишга мажбур бўлди. Биринчидан, Россия нефтига нисбатан айрим чекловлар вақтинча юмшатилди. Хусусан, маълум муддат давомида Россия нефтини денгиз орқали ташиётган танкерлар учун чекловлар қўлланмади. Бу қарор, асосан, Ҳиндистон ва Осиёнинг бошқа ҳудудларида юзага келиши мумкин бўлган энергетик инқирозни юмшатиш мақсадида қабул қилинди.
Мазкур қарор Европа давлатлари томонидан танқид қилинди, бироқ АҚШ учун бу муайян даражада мажбурий чорага айланди. Сабаби Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғози ва умуман Кўрфаз минтақасидаги энергетика инфратузилмасига босим ўтказилиши глобал нефт-газ тизимига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Иккинчидан, АҚШ 1920 йилда қабул қилинган Жонс Акти талабларини вақтинча юмшатишга мажбур бўлди. Бу қонунга кўра, мамлакат ичида нефт ва газ ташиш фақат АҚШда рўйхатдан ўтган, АҚШ фуқароларига тегишли ва АҚШ байроғи остида ҳаракатланувчи транспорт воситалари орқали амалга оширилиши керак эди. Ҳозирги вазиятда эса ички энергетика муаммоларини юмшатиш мақсадида бу чекловлар вақтинча бекор қилинди.
Бу ҳолат АҚШ ички сиёсатида ҳам саволларни келтириб чиқарди. Айрим сенаторлар: “Биз урушда аслида қандай ҳолатдамизки, ҳатто ички қатъий қонунларимизни ҳам қайта кўриб чиқишга мажбур бўляпмиз?” деган саволни ўртага ташлади.
Бироқ бу саволларга аниқ жавоб берилмаган бир пайтда, Доналд Трамп яна бир қарор қабул қилишга мажбур бўлди. Хусусан, маълум муддат давомида Эроннинг денгизга чиқарилган ва танкерларда сақланаётган нефтига нисбатан санкциялар вақтинча бекор қилинди. Бу эса Эронга қисқа муддат ичида катта ҳажмдаги нефтни эркин сотиш имконини берди.
Бироқ бу қарор Эрон нефтига қўйилган барча санкциялар тўлиқ олиб ташланди дегани эмас. Гап фақат аллақачон денгизга чиқарилган ва танкерларда турган нефт ҳақида бормоқда. Шу нуқтайи назардан қараганда, бу ҳолатни қисман Эрон фойдасига ишлаган омил сифатида баҳолаш мумкин. Чунки у энергетика инфратузилмасига босим ўтказиш орқали глобал бозорга таъсир қила олди.
Бошқа томондан, Эроннинг ҳарбий имкониятлари чекланган. У асимметрик уруш олиб бормоқда ва кучлар нисбати унинг фойдасига эмас. Эрон АҚШ билан тўғридан тўғри тўқнашувда устун кела олмаслигини яхши тушунади. Устига устак, қаршисида Исроил каби кучли рақиб ҳам мавжуд.
Назарий жиҳатдан Эрон прокси кучлардан фойдаланиши мумкин. Бироқ амалда бу ҳам кутилган даражада самарали эмас. Шу сабабли Эрон мавжуд шароитда қўлидан келган барча воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Унинг асосий эътибори Кўрфаз минтақасига қаратилган бўлиб, бу орқали глобал энергетика тизимига босим ўтказишга уринмоқда. Айни пайтда Кўрфаздаги араб давлатлари ҳам вазиятнинг мураккаблигини англаб, ушбу ҳаракатларга нисбатан вазмин ва эҳтиёткор муносабат билдиришга мажбур бўлмоқда.
Тўлиқ суҳбат, хусусан таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг студияда баҳс келтириб чиқарган фикри билан юқоридаги видео орқали танишишингиз мумкин.