Эрон кучлар нисбати тенг бўлмаган урушда омон қолиш учун дунё иқтисодиётини “асирга олмоқчи”. Бу стратегия аллақачон иш бера бошлаган: АҚШ Эрон нефтига санкцияни ечди, Вашингтонга ҳар томондан босим ортиб бормоқда. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида шу ҳақда сўз бораркан, Теҳроннинг Кўрфаз араб давлатларидаги иқтисодий объектларига ҳужумлари баҳсга сабаб бўлди..

— Эроннинг қўшни давлатларга зарба беришдан бошқа чораси йўқми?

Ойбек Сирожов: Эрон ўз атрофидаги энергия ресурсларига зарба беришдан бошқа йўл кўрмаяпти. Сабаби – Америка Қўшма Штатлари масофа жиҳатдан жуда узоқда жойлашган, у ерга етиб борадиган ракеталари мавжуд эмас, шу боис тўғридан тўғри зарба бериш имконсиз. Ҳатто Ҳинд океанидаги Диего Гарсиа ҳарбий базасига йўналтирилган ракеталар ҳам манзилга етиб бормади.

Худди шундай вазият Исроил билан ҳам кузатилмоқда: ҳужум қилган билан аксарият ракета ва дронлар тутиб қолинади.

Шу сабабли Эроннинг асосий стратегияси атрофидаги энергия объектларига зарба бериш орқали Исроил ва Америка Қўшма Штатларига нисбатан глобал босимни кучайтиришдан иборат. Бу тактика маълум даражада натижа бермоқда. Масалан, Доналд Трамп бу зарбалардан сўнг баёнот бериб, агар бундай ҳужумлар давом этса, қатъий жавоб чораси кўрилишини таъкидлади.

Бу эса муайян сигнални англатади, агар Эрон энергия инфратузилмасига зарба берилса, у ҳолда Форс кўрфазидаги барча энергетика объектлари хавф остида қолади ва бу бутун дунё иқтисодиётига таъсир кўрсатади. Бундай вазиятнинг акс-садоси ҳатто Европада ҳам сезила бошлайди. Демак, Эроннинг бошқа реал варианти деярли йўқ.

Россия Украинага бостириб кирганида, АҚШ ва Европа дарҳол ёрдам беришини эълон қилган ва амалда ҳам бу ёрдам давом этмоқда. Эроннинг асосий заиф томони – уни очиқ қўллаб-қувватлайдиган кучли иттифоқчисининг йўқлиги. Яъни Украина каби орқасида мустаҳкам блок йўқ. Бугунги кунда Хитой ёки Россиядан ҳам шундай очиқ ва кенг кўламли ёрдам кутиш қийин. Шу сабабли Эрон ҳозирча якка ҳолда ҳаракат қилишга мажбур ва мавжуд шароитдан келиб чиқиб, ана шундай стратегияни танламоқда.

Шавкат Икромов: Эроннинг Кўрфаздаги нефт ва газ конларига зарба бериши – нисбатан самарали ва мажбурий ёндашув. Америка Қўшма Штатларининг санкциялар сиёсатида ва глобал энергетика бозорида маълум даражадаги ён беришларга бораётганини кўряпмиз. Уруш бошланганидан буён АҚШ бир неча бор ўзининг қатъий санкция сиёсатини юмшатишга мажбур бўлди. Биринчидан, Россия нефтига нисбатан айрим чекловлар вақтинча юмшатилди. Хусусан, маълум муддат давомида Россия нефтини денгиз орқали ташиётган танкерлар учун чекловлар қўлланмади. Бу қарор, асосан, Ҳиндистон ва Осиёнинг бошқа ҳудудларида юзага келиши мумкин бўлган энергетик инқирозни юмшатиш мақсадида қабул қилинди.