Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳондаги зиддиятлар: талаба-ёшлар қандай фикрда?
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олаётган талабаларга юзланди: жаҳон сиёсий саҳнасида рўй бераётган жараёнларга улар қандай баҳо беради?
Бўлажак дипломатлар даврасида учта мавзу: Россия–Украина уруши, АҚШ–Эрон зиддияти ва Тайван можароси турлича ракурслардан кўриб чиқилди.
Суҳбатда Ижтимоий ва сиёсий фанлар институти талабалари Лутфуллохон Ҳайдаров, Зуҳриддин Пўлатов, Муҳаммадсодиқ Муҳаммадсиддиқов, Сарварбек Исмоилов ва Халқаро исломшунослик академияси талабалари Фарангиз Қорақулова, Азамат Раҳимов, Азизбек Расулов, Оғабек Раббимов иштирок этди.
Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Қуйида суҳбатнинг кириш қисмидан кичик парча келтириб ўтилади.
— Украина уруши НАТО кенгайишининг оқибатими ёки Россия сиёсатининг натижаси?
Лутфуллохон Ҳайдаров: Владимир Путин Совет Иттифоқининг парчаланишини XX асрнинг энг катта фожиаси деб атаган. Бу фикр шуни англатадики, совет давлати қулаганидан сўнг Путин ва умуман Россия сиёсий элитаси онгида империявий тафаккур сақланиб қолган. Тарихий нуқтайи назардан қараганда, Россиянинг сўнгги қарийб 500 йиллик ташқи сиёсати деярли ўзгармаган: қўшни ҳудудларга ҳарбий босим ўтказиш, уларни назорат остига олиш, буфер зоналар яратиш ва шу орқали ўз хавфсизлигини таъминлаш.
Бу ёндашувни бугунги кунда ҳам кузатиш мумкин: Россия–Грузия уруши, Қрим аннексияси ва Чеченистондаги ҳарбий ҳаракатлар бунга мисол бўла олади. Россия Украинага бостириб кираркан, дастлаб Украинадаги рус аҳолиси ҳимояси важини илгари сурди. Бироқ агар бундай муаммо реал ва тизимли бўлганида, халқаро ҳуқуқ механизмлари – масалан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёки халқаро судлар орқали ҳал этилиши мумкин эди. Амалда эса Россия дипломатик йўлни танламади ва ҳарбий босқинчиликни бошлади.
Уруш кутилган натижани бермагач, расмий позициялар тез-тез ўзгара бошлади. Орада “Ғарбга қарши кураш” нарративи ҳам илгари сурилди. Бу ўзгарувчан изоҳлар аниқ стратегик асосдан кўра, вазиятга мослаштирилган баҳоналарни эслатади.
1997 йилда Россия сиёсий доираларига яқин шахс – Константин Затулин томонидан чоп этилган мақолада Россиянинг қўшни давлатларга нисбатан сиёсати ҳақида муҳим тезислар илгари сурилган эди. Унда Украинага алоҳида урғу берилиб, унинг заифлашуви Россия манфаатларига хизмат қилиши мумкинлиги, шунингдек, рус аҳолиси масаласидан сиёсий восита сифатида фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган. Ҳозирги воқеалар ушбу ёндашувларнинг амалий сиёсатда акс этаётганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Украинадаги урушнинг асосий сабаби – НАТОнинг кенгайиши эмас, балки Россиянинг тарихан шаклланган империявий амбициялари билан боғлиқ.
Фарангиз Қорақулова: Албатта, Россиянинг империявий характери бу жараёнларда муҳим омил бўлди. Шу билан бирга, НАТО кенгайиши ҳам бу урушга туртки берган омиллардан бири эди.
Россия учун Украина масаласи ва НАТОнинг шарққа кенгайиши қачон “қизил чизиқ”қа айланди, деган саволга жавоб 2008 йил, Бухарест саммитига бориб тақалади. Айнан шу саммитда НАТО Украина ва Грузиянинг келажакда алянс аъзоси бўлиши мумкинлигини эълон қилди. Гарчи уларга аъзолик учун зарур бўлган аъзолик бўйича ҳаракатлар режаси берилмаган бўлса-да, бу ҳолат Россия томонидан жиддий хавфсизлик таҳдиди сифатида қабул қилинди.
Бундан ташқари, расмий ҳужжатлар билан мустаҳкамланмаган бўлса-да, 1990 йилда Германиянинг бирлашуви жараёнида Ғарб томонидан муайян сиёсий ваъдалар берилгани ҳақида тез-тез фикр билдирилади. Хусусан, ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Жеймс Бейкер “НАТО шарққа қараб бир дюйм ҳам кенгаймайди” деган мазмунда баёнот бергани қайд этилади. Бу фикрни кейинчалик Михаил Горбачёв ҳам, Владимир Путин ҳам ўз позицияларини асослашда тилга олиб келади. Шу боис Россия бу масалани Ғарбнинг норасмий ваъдаларидан воз кечиши ва стратегик мувозанатни бузиши сифатида талқин қилади.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:50
Россия урушни тугатиш бўйича музокараларни давом эттиришдан «маъно кўрмаяпти»
18:34
Бу йил Москвадаги Ғалаба парадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қатнашмайди
07:52
Мудҳиш қотилликка қўл урган ўзбекистонлик аёл Россия руҳий касалликлар шифохонасида қолдирилди
15:20 / 06.05.2026