Жаҳон | 14:50
6626
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Трамп жамоаси Эрон билан тинчлик музокаралари имкониятларини ўрганмоқда

Расмийлар ким билан музокара ўтказиш мумкинлигини аниқлашга уринмоқда.

Фото: Alex Wong/Getty Images

Доналд Трамп маъмурияти Эрон билан тинчлик музокаралари қандай кўринишда бўлиши мумкинлиги бўйича дастлабки муҳокамаларни бошлади, деб ёзади Axios вазиятдан хабардор бўлган манбаларига таяниб.

Америкалик мулозимлардан бирининг сўзларига кўра, АҚШ Эрондан олтита мажбуриятни ўз зиммасига олишни талаб қилмоқда, улар орасида уранни бойитиш ва ядро қуролини ишлаб чиқишни бутунлай тўхтатиш, ракета дастурини сезиларли даражада қисқартириш ҳамда «Ҳизбуллоҳ» ёки Ямандаги ҳусийчилар каби қуролли гуруҳларни молиялаштиришни тўхтатиш шартлари бор. Бундан ташқари, ҳар қандай келишувга кўра Ҳўрмуз бўғози очилиши керак бўлади, деб ёзади Axios.

Портал маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида тўғридан тўғри алоқалар бўлмаган, бироқ Миср ва Қатар АҚШ ва Исроилни Эрон музокаралардан манфаатдор экани, унинг талаблари ўт очишни тўхтатиш, келгусида ҳарбий ҳаракатлар тикланмаслиги учун кафолат, шунингдек, товон тўлаш масалаларини ўз ичига олиши ҳақида хабардор қилган.

Axios’нинг яна бир суҳбатдоши музлатилган активларни Эронга қайтариш масаласида муросага келиш мумкинлигини айтмоқда. «Улар буни репарация деб аташади. Биз буни музлатилган маблағларни қайтариш деб аташимиз мумкин», – дея қўшимча қилади у. Аммо, унинг сўзларига кўра, «ундан аввал бундай вазифа пайдо бўладиган босқичга етиб бориш керак бўлади».

Axios маълумотига кўра, Трампнинг жамоаси вакиллари икки саволга жавоб топишга ҳаракат қилмоқда: Эронда кимлар билан алоқа ўрнатилади ва қайси давлат воситачилик қилиши мумкин.

Олдинги музокараларда Эрон манфаатларини мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ифодалаган, бироқ Трампнинг маслаҳатчилари уни қарор қабул қилишга ваколатли шахсдан кўра кўпроқ «узатиш бўғини» деб ҳисобламоқда. Axios манбаларига кўра, Оқ уй ҳозирда Эронда қарорларни аслида кимлар қабул қилиши ва улар билан қандай боғланиш мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Урушдан олдинги музокараларда воситачи Ўмон эди, аммо АҚШ ушбу султонлик билан ўзаро ишончсизлик туфайли бошқа давлат изламоқда. Трамп маъмурияти Қатар воситачилик қилишини афзал кўради, шу билан бирга, манбаларга кўра, расмий Доҳа «парда ортида ёрдам бериш»га тайёр, бироқ асосий расмий воситачи бўлишни истамайди.

Ўтган ҳафта Reuters Трамп маъмурияти АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларининг Эрон билан урушни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашга уринишларини рад этгани ҳақида хабар берганди. Ўмон алоқа каналини очишга бир неча бор уриниб кўрган, аммо Оқ уй бундан манфаатдор эмаслигини билдирган. Миср ҳам АҚШ ва Эрон ўртасида дипломатик алоқаларни тиклашга уриниб кўрган.

Axios’нинг ёзишича, сўнгги кунларда АҚШ ва Эрон ўртасида тўғридан тўғри алоқалар бўлмаган, бироқ Миср, Қатар ва Буюк Британия томонлар ўртасида хабарлар алмашган. 20 март куни Трамп урушни «тўхтатиш» имкониятини кўриб чиқаётганини айтди, бироқ Америка расмийларига кўра, жанговар ҳаракатлар яна икки-уч ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид