Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Руҳий саломатлик: Ўзбекистонда вазият қандай?
Ўзбекистонда руҳий касалликка чалинишлар сони ошиб боряпти. Бунга сабаб сифатида стресс, ахборот босими ва ижтимоий юкламалар ошгани кўрсатилмоқда. Оқибатда “халқнинг оғриб турган яраси”дан фойдаланувчи чалапсихологлар армияси инстаграмда миллионлаб аудиторияни истаганича бошқаряпти. Kun.uz одамлардаги психологик муаммолар, уларнинг сабаблари ҳамда ечимлар ҳақида шифокорлар билан суҳбатлашди.
Сўнгги йилларда руҳий саломатлик глобал муаммога айланмоқда. Турли тадқиқотларга кўра, дунё аҳолисининг қарийб саккиздан бири турли даражадаги руҳий бузилишлардан азият чекмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишдаги кўрсаткичлар юқори эмас: руҳий саломатлик индексида мамлакат 83 давлат ичида 74-ўринда қайд этилган.
Мутахассислар бундай ҳолатни замонавий ҳаёт тарзи – ахборот оқимининг кескин ошиши, гаджетларга боғлиқлик, экологик муаммолар ва озиқ-овқат сифати билан изоҳлайди. Айни пайтда, жамиятда руҳий муаммоларга ечим излаётганлар сони ортиб бораётгани сабабли, бу соҳада малакали мутахассислар билан бир қаторда, илмий асосга эга бўлмаган “псевдопсихологлар” ҳам фаоллашмоқда.
Руҳий касаллар сони ошяпти
Азизбек Эралиев шифокор-психиатр:
“Умумий статистика бўйича бутун ер юзида руҳий касалликлар сони ошиб боряпти. Бунга сабаблар: ҳозирги информацион тизимнинг ошиб кетишида. Ортиқча информациялар ва гаджетлар, экология ва озиқ-овқатлардаги сунъийликлар ҳам сабаб бўлади. Чунки танада минглаб мутациялар содир бўлади. Буни генетиклар тасдиқлашади. Мутациялар сони ошиши натижасида юзага келаётган янги турдаги чегаравий руҳий бузилиш ҳолатларидаги инсонлар сони ошиши кузатилади. Яъни бунга атроф-муҳит, информацион омил сабаб бўлади. Уларнинг сони ҳозирги пайтда жудаям ошиб кетяпти. Масалан фаолият бошлаганимга қарийб 10 йил бўляпти. Болалар психиатриясида аутизм ташхиси жуда кам учрарди ўшанда. Баъзида устозларимиз ҳақиқий типик бемор келса “мана буни кўринглар” деб айтарди. Ёки катталардаги руҳий синдромларниям шундай қилишарди. Ҳозир эса бир ҳафтада бир нечта аутизм ташхиси билан мурожаат қилган беморларни кўряпмиз. Аутизм – эндоген (ичкаридан руҳий бузилиш) ва хулқ-атворнинг жуда қўпол тарзда бузилиши ҳамда асоратларига олиб келадиган касаллик. Шунинг ўзи бир пайтлар ноёб ҳолат бўлса, ҳозирга келиб оддий ҳолга айланди.
Псевдомутахассисларнинг маркетинг найранги
Руҳий саломатлигимизни яхшилашга уринишлар бор жамиятда. Лекин талаб кучайгани сари берилаётган таклифлар ҳам кўпайган. Инстаграмни тутиб кетган “психологлар” армияси миллионлаб аудиторияни бошқаряпти, улар истаганча нархларда ва кўринишларда ўз хизматларини сотишяпти.
Гавҳар Дарвиш (Тешабоева) психотерапевт:
“Бозор қонуни шундай: талаб бўлса таклиф ҳам бўлади. Инсонда муаммо бор, уни ечиб берадиган чала мутахассислар пайдо бўлди. Улар жуда жадаллик билан кўпайиб кетиб, медиада бемалол чиқишлар қилишни бошлашди, сабаби бугун медиада ким илғор бўлса унга мурожаатлар сони кўп бўлади. Халқнинг оғриб турган яраси бор, улар гўёки шартта шунга ечим кўрсатгандай бўлишди. Аммо бу ечим ҳар доим ҳам тўғри бўлмайди. Улар орасида ўз соҳасининг ҳақиқий профессионал мутахассислари ҳам бор, лекин асосан медиани эгаллаган мутахассисларни чала мутахассис ёки псевдомутахассислар десак тўғри бўлади. Уларни қандай аниқласа бўлади? Улар бирданига битта сессияда муаммони ҳал қилиб беришни ваъда қилишади. Оғриғи бўлган одам, мисол учун фарзандини йўқотган одам шу қайғудан қутулишни истайди ва ечим топишни қидиради. Псевдомутахассислар бир консултацияда муаммони ҳал қилиб бериш усулини таклиф қилишади. Бу маркетинг найранги ҳисобланади.
Фарзандини йўқотган бир аёл келди, тушларига кирган ўғли, юрган йўлида кўзига кўринаверган, ҳаётни усиз тасаввур қила олмайдиган даражага келиб қолган. Чуқур депрессияга тушган ва шунақа чаламутахассиснинг қўлига тушиб қолган. У бу муаммога ечим ваъда қилган, аёл унга ишонган. Бу ерда жуда катта сумма ҳақида гап кетяпти. Баъзи ҳолатларда уйини сотиб шунақа мутахассисларга борганларниям эшитганмиз. Бу беморлар улардан даво топа олмагандан кейин бизга келишади – энди унинг уйи йўқ, бўйнида қарзи бор ва ҳоказо. Муаммоси эса ҳал бўлмаган.
Мутахассиснинг бир мартада натижа ваъда қилиши унинг псевдо эканлигидан дарак беради. Унинг қаерни битиргани, неча йиллик тажрибага эга эканлиги, мутахассислиги бўйича дипломини сўраш керак. Улар хонасига илиб ташлаган сертификатлари муҳим эмас. Боришдан олдин буларни сўраш керак. Ҳали ўқишни битирмаган талаба бўлиши ёки фалончи мутахассиснинг қўлида ўқиган бўлиши, қўлида дипломи бўлмаслиги унинг чала ёки сохталигидан далолат беради.
Сиз бораётган мутахассис айнан қанақа методика билан ишлашини билишингиз шарт. У сизга қўлламоқчи бўлган усулининг номини билишингиз керак. Чунки руҳиятингизни чала ва сохтанинг қўлига топшириб бўлмайди. Руҳият – бу маънавият, бу менталитет, инсоннинг бутун борлиғи, ички дунёси дегани. Буни ҳаммагаям очиб бермасликни маслаҳат берган бўлардим. Яъни ҳақиқий мутахассисга руҳий муаммо билан борадиган бўлсангиз, улар сизга ечим таклиф қилади ва бу битта сеансда бўлмайди. Бунинг учун сиз ишлайсиз. Мутахассис билан биргаликда тер тўкасиз. Унга вақт, куч ва билим ажратасиз. Маълум бир муддатдан кейин, дейлик 3 ой ёки 1 ой, балки 1 йил (ўртача 6 ой) муддатдан кейингина муаммоларга ҳақиқий ечим топса бўлади.
Аёлларда ижтимоий масъулият кўплиги уларни тез чарчатиб қўяди
Руҳий саломатлик масаласи ёшга, жинсга ва биз яшаётган жойга боғлиқ. Масалан эркаклар ва аёлларда руҳий касалликлар бошқача кечади. Эркакларда кўпроқ неврастения учрайди. Эркак киши чарчаса уришқоқ, бақироқ бўлиб қолади. Аёллар эса йиғлоқи бўлиб қолади. Тадқиқотларга кўра, аёлларда эркакларга нисбатан 8 баравар кўпроқ руҳий муаммоларга учраш хавфи бўлади. Бу эмоционаллик, аёлларда ўзига хос даврларнинг бўлиши (менопауза, турмушга чиқиш, фарзандли бўлиш) аёл организмида ўзига хос ўзгаришларга олиб келади. Аёлларда ижтимоий ролларнинг кўплиги ҳам. Чунки эркак киши ишга борганда тўлиқ ўзини ишга бағишлайди. Лекин аёл киши ишхонада фарзандларнинг мактабдан келиши, нима овқат ейиши, кечқурунга нима овқат қилиш каби минимум муаммоларни ўйлайди. Бундаям ҳали агар уни ҳаёти тинч бўлса, эр-хотин орасида муаммолар бўлмаса, фарзандлардан кўнгил тўқ бўлса. Ижтимоий масъулиятнинг кўплиги аёл кишини тез чарчатиб қўяркан. Ҳозирги даврда аёлларда ҳақиқатан стресс кўп, ҳаёт жадал ва улгурмаслик ҳолати бор. Фарзанд тарбиясида, рафиқа, она бўлишда ёки бирор соҳа эгаси бўлишда мувозанатни йўқотиб қўйган аёлларимиз кўп. Қабулимга келган аёлларга аввало ўзларини таниб олишни маслаҳат бераман. Яъни кимдир жадал ишлаётган бўлса у билан ўзини солиштирмаслик керак. Ўзингиздай темпераментли, интеллектли ва характерли, моддий жиҳати бир хил аёл билан солиштиринг. Ана шунда солиштириш тўғри бўлади.
Руҳий муаммолар қачон тугайди?
Ҳозир “энергиянгизни қайтариб бераман” ёки “бой бўлишни ўргатаман”, “мен билан сокинликка эришасиз” ва ҳоказо тренинглар жуда кўп. Унинг ўз йўли бор. У юрган йўл сизга мос келмаслиги мумкин. Шунинг учун динимизда айтилади: “Ким ўз нафсини таниса, Роббисини танибди”. Яъни ўзимизни англаб олишимиз керак. Темпераментимиз – бизнинг асл табиатимиз, Аллоҳ бизни шундай яратди. Характеримиз қанақа ўзи, заиф томонларимиз, кучли томонларимиз, интеллектуал қобилиятимиз, имкониятларимиз, ҳаракатчанлигимиз қанақа? Ўзимизни билганимиздан кейин шундан келиб чиқиб ҳаракат қиламиз. Инсоннинг руҳий муаммолари қачонки у ривожланишни бошлаганда тугайди. Стрессга қанчалик чидамлимиз, стрессдан чиқиш кўникмалари борлиги, керакли пайтда керакли мутахассисга келиш ва бундан уялмаслик. Чунки халқимизда стигма юқори, бир марта психиатрга борсам, рўйхатга олади ва жинни деган ном оламан деган фикр бор”.
Азизбек Эралиев шифокор-психиатр:
“Биринчи ўринда аҳолига руҳий саломатлик бўйича маълумот бериш керак. Ҳар қандай муаммога ечим топишда уни қанчалик яхши билиш муҳим. Ҳозирги бўлаётган агрессиялар, қотилликлар, тилга олиб бўлмайдиган хунук ҳолатларнинг сонини камайтириш учун биринчи ўринда руҳий саломатлик нима эканлиги, руҳий соғлом одам кимлигини билишимиз керак. “Қизим яшай олмаяпти куёвим билан, лекин куёвим жудаям яхши. Ичмайди, чекмайди, ишлайди, ойлик олади”, деб келишади. Келиндан уйда бўлаётган воқеаларни эшитганимизда: у одамнинг (куёв) ўзини тутиши, гапириши, қилиқлари, реакцияларидан ғирт руҳий касални кўрамиз. Келин бир вақтнинг ўзида руҳий бемор билан яшаётган бўлади. Соғлом инсон билан аёл келишмай қолса, соғлом эркакнинг хоҳишлари қондирилса, унга мувофиқ нарса берилса, у тўхтайди. Лекин руҳий касал ўзи нима хоҳлаётганини ўзи билмайди. Ўша эр билан яшаган аёлда секин-асталик билан невроз ҳолати, агар ундаям озгина мойиллик бўлса психоз ҳолати юзага келади. Соғлом оилада нафақат ажрашиш, балки фарзандларгаям оғир шикастлар етиш ҳолатлари бўлади. Руҳият ҳақида тасаввури йўқ инсонларга руҳий касалликни тушунтириш қийин бўлади. Буни давлат даражасида, таълим даражасида ўргатиш керак. Ўшандагина уларнинг сони камайиши мумкин. Ёки буларга қарши чора-тадбирларимиз эртага бу статистикани тушириши мумкин. Агар олдингизга бемор келса, унда МРТ текширувлари бўлса, шунга қараб ўзгаришлар ҳисобига касаллигини тушунтириш жуда осон. Лекин жуда қийин, кўзга кўринмайдиган нарсаки, руҳиятда бўлаётган ўзгаришни руҳий касал деб тушунтириш. Унинг руҳий касаллиги, руҳий носоғломлиги хулқ-атворидан, оилада, жамиятда қилаётган ишидан билиб оласиз. Буни билганингизда эса кеч бўлади. “Бу соғломмас экан, дабдала қилди, оилани бузди, фарзандининг бошига етди, қотиллик қилди-ку, қамалган билан чиқиб яна қотиллик қиляпти”, деган нарсани билганда кеч бўлади. Шунинг учун руҳий саломатликка эътибор, руҳият нима, соғлом руҳий инсон кимлигига эътибор берилсагина одамларда руҳий ҳолат билан боғлиқ муаммолар сал чекинади”.
Аҳолининг руҳий саломатлиги: иқтисодий ўсишга, оиланинг тинчлигига, таълим сифатини оширишга, жиноятчиликни камайтиришга ва ижтимоий ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мавзуга оид
19:48 / 06.03.2024
Ўзбекистон дунё руҳий саломатлиги рейтингида сўнгги ўринда қайд этилди
15:00 / 10.07.2018
LonelyPlanet рейтинги: Ўзбекистон Осиёнинг энг саёҳатбоп ўлкалари сафида
02:18 / 22.04.2017
Ўзбекистонда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизими тубдан такомиллаштирилади
12:01 / 31.10.2016