Ўзбекистон Республикаси президентининг “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”га қарори эълон қилинди.

“Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли пунктларининг санитария жиҳатдан тозалигини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 декабрдаги “Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 315-сонли қарорини амалга ошириш доирасида 2014-2016 йилларда шаҳарларимизда қўшимча равишда шу йўналишга ихтисослаштирилган 41 та ташкилот ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаларида маиший чиқиндилардан тозалаш бўйича 157 та хўжалик ҳисобидаги участка ташкил этилди”, — дейилади қарорга ЎзА томонидан эълон қилинган шарҳда.

2014-2016 йилларда санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармаларини замонавий махсус техникалар билан таъминлаш дастурлари амалга оширилди. Ана шу дастурлар доирасида 1427 та техника воситаси харид қилинган бўлса, уларнинг 990 таси маиший чиқиндиларни ташиб кетадиган автотранспортлардир.

Республикамиз шаҳар ва туман марказларидаги турар жой мавзеларида тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида 14 мингдан ортиқ чиқинди тўплаш пункти ташкил этилди ва 10 мингдан зиёд контейнер ўрнатилди.

Комплекс тадбирлар ва дастурларни амалга оширишга давлат бюджетидан 343,1 миллиард сўм йўналтирилди ва тижорат банкларининг 20 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлари жалб этилди.

Истеъмолчиларга санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари кўрсатиш бўйича норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Ҳукумат қарорлари асосида маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва ободонлаштириш бошқармаларининг қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатадиган участка ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом ва бошқа бир қатор норматив ҳужжатлар тасдиқланди.

Шу билан бирга, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш соҳасида хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида ҳали ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ишларини ташкил этиш масаласи, аввало, бундай чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш бўйича аниқ ва амалий тизимни йўлга қўйишни талаб этади. Ҳозирги вақтда чиқиндилар тўпланадиган мавжуд полигонлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди. Аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолмоқда ва улар туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини ёмонлаштириб, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига шароит яратмоқда.