Ўзбекистонда руҳий касалликка чалинишлар сони ошиб боряпти. Бунга сабаб сифатида стресс, ахборот босими ва ижтимоий юкламалар ошгани кўрсатилмоқда. Оқибатда “халқнинг оғриб турган яраси”дан фойдаланувчи чалапсихологлар армияси инстаграмда миллионлаб аудиторияни истаганича бошқаряпти. Kun.uz одамлардаги психологик муаммолар, уларнинг сабаблари ҳамда ечимлар ҳақида шифокорлар билан суҳбатлашди.

Сўнгги йилларда руҳий саломатлик глобал муаммога айланмоқда. Турли тадқиқотларга кўра, дунё аҳолисининг қарийб саккиздан бири турли даражадаги руҳий бузилишлардан азият чекмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишдаги кўрсаткичлар юқори эмас: руҳий саломатлик индексида мамлакат 83 давлат ичида 74-ўринда қайд этилган.

Мутахассислар бундай ҳолатни замонавий ҳаёт тарзи – ахборот оқимининг кескин ошиши, гаджетларга боғлиқлик, экологик муаммолар ва озиқ-овқат сифати билан изоҳлайди. Айни пайтда, жамиятда руҳий муаммоларга ечим излаётганлар сони ортиб бораётгани сабабли, бу соҳада малакали мутахассислар билан бир қаторда, илмий асосга эга бўлмаган “псевдопсихологлар” ҳам фаоллашмоқда.

Руҳий касаллар сони ошяпти

Азизбек Эралиев шифокор-психиатр:

“Умумий статистика бўйича бутун ер юзида руҳий касалликлар сони ошиб боряпти. Бунга сабаблар: ҳозирги информацион тизимнинг ошиб кетишида. Ортиқча информациялар ва гаджетлар, экология ва озиқ-овқатлардаги сунъийликлар ҳам сабаб бўлади. Чунки танада минглаб мутациялар содир бўлади. Буни генетиклар тасдиқлашади. Мутациялар сони ошиши натижасида юзага келаётган янги турдаги чегаравий руҳий бузилиш ҳолатларидаги инсонлар сони ошиши кузатилади. Яъни бунга атроф-муҳит, информацион омил сабаб бўлади. Уларнинг сони ҳозирги пайтда жудаям ошиб кетяпти. Масалан фаолият бошлаганимга қарийб 10 йил бўляпти. Болалар психиатриясида аутизм ташхиси жуда кам учрарди ўшанда. Баъзида устозларимиз ҳақиқий типик бемор келса “мана буни кўринглар” деб айтарди. Ёки катталардаги руҳий синдромларниям шундай қилишарди. Ҳозир эса бир ҳафтада бир нечта аутизм ташхиси билан мурожаат қилган беморларни кўряпмиз. Аутизм – эндоген (ичкаридан руҳий бузилиш) ва хулқ-атворнинг жуда қўпол тарзда бузилиши ҳамда асоратларига олиб келадиган касаллик. Шунинг ўзи бир пайтлар ноёб ҳолат бўлса, ҳозирга келиб оддий ҳолга айланди.

Псевдомутахассисларнинг маркетинг найранги

Руҳий саломатлигимизни яхшилашга уринишлар бор жамиятда. Лекин талаб кучайгани сари берилаётган таклифлар ҳам кўпайган. Инстаграмни тутиб кетган “психологлар” армияси миллионлаб аудиторияни бошқаряпти, улар истаганча нархларда ва кўринишларда ўз хизматларини сотишяпти.