Жаҳон | 18:06
6145
8 дақиқада ўқилади

Эрон билан урушнинг тўртинчи ҳафтаси. Сўнгги маълумотлар

Буёғига нима бўлади? Қуруқлик амалиёти ёки музокаралар?

«Жералд Форд» авиаташувчиси. Фото: Carl Court / Getty Images

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши тўртинчи ҳафтага ўтди. Доналд Трамп 22 март куни Эрондан икки ҳафта ичида Ҳўрмуз бўғозини очишни талаб қилган, акс ҳолда мамлакат энергетика инфратузилмасини бомбалаши, яъни Эронни ёруғликсиз қолдириши ҳақида огоҳлантирганди.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси эса бунга жавобан Исроил ҳамда АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларининг энергетика инфратузилмаларини, шунингдек, минтақадаги Америкага алоқадор бўлган компанияларга тегишли барча энергетика объектларини нишонга олишга ваъда берди.

Трамп фикрини ўзгартирди

23 март куни, Америка ултиматуми тугашига оз қолганида, Трамп АҚШ ва Эрон «Яқин Шарқдаги можарони узил-кесил ҳал қилиш юзасидан жуда яхши ва самарали музокаралар ўтказаётгани», шу туфайли Эрон электр станцияларига зарбалар беришни беш кунга кечиктиргани ҳақида айтиб чиқди.

Эронда айнан ким билан музокара ўтказилаётгани аниқ эмас. Урушдан олдин ва урушнинг илк ҳафталарида ташқи сиёсат, жумладан, АҚШ билан алоқалар учун Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний масъул эди. Аммо у Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Унинг функциялари кимга ўтгани маълум эмас.

The Jerusalem Post маълумотига кўра, музокараларда Эрон позициясини парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф, Американикини – Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва президент куёви Жаред Кушнер ифода этмоқда.

Эрондагилар нима демоқда?

Эрондаги Tasnim давлат ахборот агентлиги ислом республикаси кучишлатар тузилмаларидаги манбасига асосланиб, ҳеч қандай музокаралар бўлмагани, Трамп эса Эроннинг стратегияси иш бераётгани учунгина «ортга чекингани» ҳақида хабар тарқатди. Бу стратегия урушдан иложи борича кўпроқ мамлакатлар зарар кўришига эришиш, жаҳон бозорларига босим ўтказиш ва шу орқали Трампни Эронга зарба беришни тўхтатишга ундашдан иборат.

Америка ва Исроилнинг уруш учун дастлабки режаси, афтидан, узил-кесил муваффақиятсизликка юз тутди. Трамп ултиматумлар қўяётгани ва Яқин Шарққа қўшимча кучлар, жумладан, 2500 нафар денгиз пиёдаси юборгани ҳамда минтақага «Жорж Буш» авиаташувчиси бошчилигида учинчи зарбдор гуруҳни юборишга тайёрлаётгани (ҳозирда у Виржиния штатидаги Норфолк базасида турибди) факти ҳам шундан дарак бермоқда.

Дастлабки режа нимани назарда тутган?

The New York Times маълумотига кўра, у асосан Исроил ташқи разведка хизмати «Моссад» ғоясига асосланган эди. «Моссад» директори Давид Барнеа аввалига Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни, кейин эса Доналд Трамп маъмуриятини Эрон режими етакчиларининг ўлдирилиши ва ҳарбий инфратузилмага йирик зарбалардан сўнг ислом республикасига қарши исён бошланишига ишонтирган.

Аммо бу ҳисоб-китоб ўзини оқламади. Эрондаги кучишлатар тузилмалар – армия, полиция, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси, «Басиж» кўнгиллилари, махсус хизматлар – кўчаларда тўлиқ назоратни сақлаб қолмоқда ва режимга қарши чиқишга бўлган ҳар қандай уринишларни бостирмоқда. Ислом республикасига қарши қуролли кураш бошлаши мумкин бўлган хорижий кучлар – биринчи навбатда, Ироқ Курдистонида ўрнашган курд кўнгиллилари эса ҳаракат бошлашга шошилмаяпти. Натижада, режим ташқи томондан заифлашди, аммо ички томондан мустаҳкамланди.

Трамп энди нима қилади?

АҚШ президенти энди Эрондаги режим ўзгариши ҳақида эмас, балки Ҳўрмуз бўғозини қандай очиш ҳақида кўпроқ ўйламоқда – унинг блокланиши нефт нархи кескин кўтарилишига сабаб бўлди ва якунда жаҳон иқтисодий инқирозига олиб келиши мумкин. Трамп Эрон вакиллари билан «самарали музокаралар» ўтказаётгани ва АҚШ «барча мақсадларига эришишга яқинлашаётгани ҳамда Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар интенсивлигини пасайтириш ҳақида ўйлаётгани» ҳақида гапирмоқда. Бундай гаплар, биринчи навбатда, бозорларга қаратилган – уларни тинчлантириш ва нархлар ўсишини секинлаштириш умидида.

Шу билан бир вақтда, Трамп Ҳўрмуз бўғозини очиш йўлини изламоқда. У иттифоқчиларни савдо кемалари хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий кемаларини юборишга чақирганди, аммо улар урушга киришни истамай, буни рад этишди. Politico маълумотларига кўра, Трамп аллақачон иттифоқчиларининг амалий ҳаракатларидан умид узган ва уларнинг «Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови эркинлиги учун зарур бўлган чоралар»ни ҳеч бўлмаганда оғзаки қўллаб-қувватлаши билан кифояланишга тайёр – бу бозорларни бироз бўлса-да тинчлантиришга ёрдам беради деган умидда.

Исроил қандай йўл тутмоқда?

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса «Ҳўрмуз муаммоси»ни ҳал этишда бошқача ёндашувни илгари сурмоқда. У эскалацияни янада кучайтириш тарафдори. 18 март куни Исроил самолётлари Форс кўрфазидаги Жанубий Форс газ конига зарба берди – бу АҚШни хабардор қилган ҳолда унинг розилиги билан амалга оширилганига шубҳа йўқ. Эронда қазиб олинадиган газнинг тахминан 70 фоизи мазкур кон ҳиссасига тўғри келади. Эрондаги иссиқлик таъминоти тўлиғича, шунингдек, Ироқ ва Туркиядаги иссиқлик таъминотининг сезиларли улуши (зарба берилгандан сўнг дарҳол ушбу мамлакатларга газ экспорти тўхтатилди) айнан шу конга боғлиқ.

Эрон бунга жавобан Қатардаги газ корхоналарини ўққа тутди – ва газ нархлари дарҳол кўтарилиб кетди (Қатар жаҳон бозоридаги газнинг 20 фоизини таъминлайди). Эрон Ҳўрмуз бўғози блокадасини бекор қилиш ҳақида ўйлаётгани йўқ: бу амалда Теҳрондагиларда қолган ягона кузирдир ва ундан муваффақият билан фойдаланишмоқда.

Эрон Европага таҳдид солмоқда

21 март куни Эрон Британия ва Американинг Ҳинд океани марказидаги кичик оролда жойлашган Диего-Гарсия номли авиабазасига иккита баллистик ракета учирди. Улар нишонга етиб бора олмаган: биттаси сувга қулаган, иккинчиси Америка эсминеци орқали тўхтатиб қолинган. Аммо бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад Эронда тўрт минг километр масофани босиб ўта оладиган ракеталар мавжудлигини кўз-кўз қилиш эди.

Эрон илгари шундай масофали ракеталар ишлаб чиқаришга қодирлигини билдирган, аммо онгли равишда бундан тийилганди. 21 март кунги учиришни Европа мамлакатларига таҳдид дейиш мумкин: АҚШ ва Исроилга ёрдам берадиган бўлсангиз – мунтазам равишда ўққа тутилаётган Қатар ва БААнинг аҳволига тушасиз.

Катта эҳтимол билан, бу таҳдид реал эмас: Эронда узоқ масофали ракеталар захираси мавжудлиги ҳамда мамлакат Европани мунтазам равишда ўққа тутиш ва унинг ракеталарга қарши мудофаа тизимини енгиб ўтиш учун етарли миқдорда ракета ишлаб чиқариш имкониятига эгалиги даргумон. Аммо Эрон бошқа мақсадни кўзлаётган бўлиши мумкин: Европадагиларни уруш имкон қадар тезроқ тугаши кераклигига ишонтиришни.

Буёғига нима бўлади?

Уруш характерини ўзгартириш учун АҚШ ва Исроил қуруқлик амалиёти ўтказишга қарор қилиши мумкин. Ҳозирча фақат чекланган босқин сценарийси муҳокама қилинмоқда – Форс кўрфазидаги Эроннинг энг йирик нефт терминали жойлашган Харг оролини эгаллаб олиш.

23 март кунги чиқишларида Трамп дипломатик ечим бўлишини истисно этмади. У Уиткофф ва Кушнер эронлик юқори мартабали мулозимлардан бири билан музокаралар ўтказаётганини (катта эҳтимол билан, Ғолибофни назарда тутган) ва аллақачон асосий масалалар бўйича келишувга эришилганини айтиб чиқди. Хусусан, гўёки Эрон ядро қуроли ишлаб чиқаришдан воз кечишга рози бўлган. Ҳолбуки, Эрон доимо бундай қурол яратиш устида иш олиб бораётгани ҳақидаги хабарларни рад этиб келган.

Эрондагилар АҚШ фақат Ғолибоф билан музокаралар ўтказиш бўйича сўров юборгани, аммо ҳозирча розилик берилмаганини маълум қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид