Жаҳон | 21:16 / 24.03.2026
5220
2 дақиқада ўқилади

Эрон Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш учун кемалардан тўлов ундира бошлади

Мавзу билан таниш бўлганларнинг сўзларига кўра, битта кема учун 2 миллион доллар миқдоридаги тўлов ундиришга ҳаракат қилинмоқда.

Фото: AP

Эрон ҳукумати кема экипажларидан Ҳўрмуз бўғози орқали транзит учун тўлов ундиришни бошлади. Бу ҳақда Bloomberg маълумотларига таяниб Investing хабар берди.

«Мавзу билан таниш бўлганларнинг сўзларига кўра, битта кема учун 2 миллион доллар миқдоридаги тўловни муайян ҳолатга қараб ундиришга ҳаракат қилинмоқда, бу аслида денгиз йўлидан фойдаланганлик учун норасмий божга тенг. Манбаларнинг таъкидлашича, баъзи кемалар тўловни амалга оширган, бироқ тўлов механизми, жумладан, қайси валютада экани аниқ эмас ва бу тизимли амалиётга ўхшамайди», дейилади агентлик хабарида.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, тўлов оммавий эълон қилинмасдан амалга оширилмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотга изоҳ бермади.

Манбалардан бирининг айтишича, Теҳрон можарони ҳал қилиш бўйича кенг кўламли келишув доирасида бундай божларни ундиришга расмий мақом бериш ғоясини кўриб чиқмоқда.

Бироқ, манбаларнинг таъкидлашича, бундай тўловлар, ҳатто норасмий бўлса ҳам, Форс кўрфази мамлакатлари учун номақбул бўлиб, улар буни ўз суверенитетига таҳдид, хавфли прецедент ва энергия ресурсларини экспорт қилиш учун зарур бўлган денгиз йўли - Ҳўрмуз бўғози устидан назоратни суиистеъмол қилиш деб ҳисоблайди.

Минтақада можаро бошланганидан бери фақат оз сонли кемалар бўғоздан ўтган, уларнинг аксарияти Эрон билан боғлиқ.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид