Жаҳон | 18:45
3342
7 дақиқада ўқилади

Ҳозирги кунда Эронни кимлар бошқармоқда?

Уруш бошланганидан буён АҚШ-Исроил зарбалари оқибатида Эрон олий раҳнамоси, кўплаб юқори мартабали амалдорлари ҳамда ҳарбий қўмондонлар ҳалок бўлди. Аммо Эрон бошқарув тизими ҳамон урушда стратегия тузиш ва фаолият юритиш қобилиятини сақлаб қолганини кўрсатмоқда.

Теҳрондаги кўчада осилган Эрон олий раҳнамоларининг баннери. 23 март, 2026 йил. Фото: WANA/Reuters

1979 йилги инқилобдан кейин «туғилган» Эрон Ислом Республикаси оз сонли шахсларга таянмайди. Балки теократик тизимга садоқатли, кўп қатламли институтларига эга куч тузилмаси асосида барпо этилган.

Reuters агентлиги Эроннинг кучсизланган, аммо чидамли иерархиясида ҳозирда кимлар ҳокимият ва таъсирга эга эканлиги ҳақида маълумотларни тўплади.

Олий раҳнамо ҳақиқатан ҳам бошқарувчими?

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоминаий урушнинг илк зарбаларидан бирида ҳалок бўлди. 1989 йилдан бери лавозимда бўлган Хоминаий бутун тизим бўйлаб сўзсиз итоаткорлик ва барча асосий масалаларда сўнгги сўз ҳуқуқига эга эди.

Эроннинг расмий мафкурасига кўра, Олий раҳнамо – IX асрда ғойиб бўлган шиаларнинг 12-имоми номидан дунёвий ҳокимиятни амалга оширувчи билимли уламодир. Раҳнамонинг «байт» деб номланувчи девони Эрон ҳукуматининг бошқа қисмларини назорат қилувчи катта штатга эга. Бу эса раҳбарга бевосита бюрократик аралашишлар имконини беради.

Мужтабо Хоминаий / Фото: Reuters

Янги раҳбар, Хоминаийнинг ўғли – Мужтабо Хоминаий ушбу ролни ва унинг кенг кўламли расмий ваколатларини мерос қилиб олди. Бироқ у отаси эга бўлган автоматик нуфузга эга эмас. Нашрнинг ёзишича, Муҳофизлар корпусининг танлови бўлган Мужтабо ушбу ҳарбийлардан қарздор ҳам бўлиши мумкин.

У 28 февраль кунги зарбалар пайтида яраланган ва давлат телевидениесида ҳозирги можаронинг «жонбози» ёки «ярадор фахрийси» деб аталган. Тайинланганига уч ҳафтадан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, унинг бирорта фотосурат ёки видеолавҳаси кўринмади. Мужтабо фақат иккита ёзма баёнот берди, бу эса унинг аҳволи борасида саволлар туғдирмоқда.

Муҳофизлар корпуси қандай ўрин тутади?

Эроннинг элита ҳарбийлари – Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг таъсири ўн йилликлар давомида ўсиб борган. АҚШ ва Исроил билан уруш бошланиб, янги олий раҳбар танлангач улар стратегик қарорлар қабул қилишда янада марказий ролни эгалламоқда.

Корпус раҳбариятнинг йўқ қилинишига узоқ вақтдан бери тайёр бўлган. Шу боис ҳар бир қўмондон учун аллақачон белгиланган ўринбосарлар занжири тузилган. Бўлинмаларни эса белгиланган режалар асосида мустақил ишлай оладиган «мозаика» шаклидаги ташкилий тузилма, дейиш мумкин.

Муҳофизлар корпуси ҳарбий парадда, 2017 йил – Теҳрон / Фото: AFP

Муҳофизлар корпусининг кўплаб юқори мартабали қўмондонлари эрта ҳалок бўлди. Бу ҳолат – 2025 йилдаги 12 кунлик урушда ҳам ўлдирилган юқори мартабали қўмондонларнинг узоқ рўйхатидан кейин юз берди. Лекин улар ҳозиргача мураккаб уруш ҳаракатларини бошқаришга қодирлигини исботлаган бошқа тажрибали шахслар билан алмаштирилиб келмоқда.

Бу бардошлилик – Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондонлиги қанчалик чуқур илдиз отганини акс эттиради.

Сиёсий раҳбарият қандай роль ўйнайди?

Эрон сиёсий тизими – уламолар бошқарувидан ташқари сайланган президент ва парламент билан бирлашади. Булар юқорида қайд этилган Муҳофизлар корпуси билан келишиб Ислом Республикасини биргаликда бошқаради.

Али Ларижоний / Фото: Reuters

Марҳум Хоминаийнинг асосий маслаҳатчиси бўлган Али Ларижонийнинг ўлдирилиши Эрон ҳукмрон доиралари учун ҳақиқий зарба бўлди дейиш мумкин. Чунки у бой тажрибага эга, Эроннинг турли куч марказлари ўртасида ишлай олиш қобилияти бор ва ташқи дунё билан музокаралар олиб боришда жуда маҳоратли бўлган.

Нашрнинг ёзишича, Эронда бошқа қобилиятли, тажрибали сиёсий арбоблар ҳам қолган. Аммо Ларижонийнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган кўзга кўринган амалдорлар – ҳалок бўлганларга қараганда қаттиққўлроқ бўлиши мумкин.

Эронда қайси амалдорлар тирик қолган?

Муҳофизлар корпуси раҳбари Аҳмад Ваҳиди: корпуснинг сўнгги қўмондони ўтмишдошлари ўлдирилганидан сўнг тайинланди.

Аҳмад Ваҳиди / Фото: AFP

Ваҳиди йиллар давомида гвардияда катта нуфузга эга бўлган: у Эрон-Ироқ урушида қатнашган, “Ал-Қудс” кучларини бошқарган, мудофаа вазири бўлиб ишлаган ва ички норозиликларни бостиришга ёрдам берган.

Муҳофизлар корпуси «Ал-Қудс» кучлари раҳбари Исмоил Қаани: Сирли шахс. 2020 йилда бўлинманинг собиқ раҳбари Қосим Сулаймоний АҚШ дрони томонидан ўлдирилганидан бери Эроннинг минтақадаги вакиллари ва иттифоқчилари билан алоқаларини бошқариб келмоқда.

Исмоил Қаани / Фото: Reuters

Муҳофизлар корпуси ҳарбий-денгиз кучлари раҳбари Алиризо Тангсири: 2018 йилдан бери фаолият юритаётган тажрибали қўмондон. Тангсири Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини ёпиш ҳаракатларида муҳим рол ўйнаган.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф: Муҳофизлар корпусининг собиқ қўмондони, Теҳрон мэри ва президентликка номзод бўлган шахс. Муҳаммад Боқир ҳозирда ҳаёт бўлган энг йирик сиёсий нуфузга эга шахс бўлиши мумкин.

Муҳаммад Боқир Қолибоф / Фото: AFP

Қолибоф сўнгги ҳафталар давомида тобора фаоллашиб, Эроннинг позицияси бўйича очиқроқ баёнотлар бермоқда. Масаладан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, у сўнгги кунларда АҚШ билан музокаралар олиб борган.

Эрон суд ҳокимияти раҳбари Оятуллоҳ Ғулом Ҳусайн Муҳсиний: разведка идорасининг собиқ раҳбари. 2009 йилдаги намойишларни бостиришдаги роли учун санкцияга учраган Муҳсиний жамоатчилик томонидан консерватор сифатида кўрилади.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён: Эрон президентлиги аввалгидан анча кам аҳамиятга эга. Шунга қарамай, Пизишкиён Эрондаги бевосита сайланган энг юқори мартабали шахс бўлиб, бу унга муҳим овоз беради.

Масъуд Пизишкиён / Фото: EPA

Унинг таъсир чегаралари – шу ой бошида Форс кўрфази давлатларидан Эрон ҳужумлари учун узр сўраб, Муҳофизлар корпусининг ғазабига дучор бўлганида ва ўз сўзларини қисман қайтариб олишга мажбур бўлганида яққол кўринди.

Миллий хавфсизлик олий кенгашининг собиқ раҳбари Саид Жалилий: Эрон-Ироқ урушининг ярадор фахрийси. У Эрон сиёсатидаги энг консерватор шахслардан бири. Жалилий 2024 йилги президентлик сайловларида мағлуб бўлган ва муросасиз собиқ ядровий музокарачи ҳам ҳисобланади.

Кузатув кенгаши аъзоси Оятуллоҳ Алиризо Аърофий: Ушбу юқори мартабали уламо сайловлардан қайси номзодларни четлаштиришни ҳал қиладиган Кузатув кенгашининг етакчи аъзосидир. У Хоминаий вафотидан кейин Эронни бошқарган уч кишилик муваққат кенгашга қўшилиш даражасида ишончли шахс ҳисобланади.

Аббос Ароқчи / Фото: Reuters

Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи: Фахрий дипломат, у йиллар давомида Эроннинг Ғарбдаги душманлари билан музокаралар ўтказиб келади.

Ароқчи Теҳрон билан яхши муносабатда бўлган Россия ва Хитой, шунингдек араб қўшнилари билан ҳам ўта муҳим музокаралар олиб борган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид