Ўзбекистон | 10:17
2339
2 дақиқада ўқилади

272 та масжидда фавқулодда огоҳлантириш ускуналари ўрнатилди

Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларда аҳолини эрта огоҳлантириш тизими қамровини кенгайтириш мақсадида 272 та масжидга махсус техник ускуналар ўрнатилди.

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

БМТ Тараққиёт дастури Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда фавқулодда ҳолатларда аҳолини тезкор хабардор қилишга қаратилган инновацион техник ечимни жорий этди.

Мазкур ташаббус доирасида аҳоли пунктларига яқин жойлашган масжидларга махсус ускуналар ўрнатилмоқда. Бу орқали ФВВнинг тезкор хабарлари масжидларнинг ташқи овоз кучайтиргичлари ёрдамида кенг жамоатчиликка етказилади.

Ҳозирга қадар бундай ускуналар Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги 272 та масжидда ўрнатилди.

Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, ушбу тизим тахминан 6,5 миллион нафар аҳолини қамраб олиш имконини беради. Шу жумладан, аёллар, эркаклар, болалар ҳамда аҳолининг заиф қатламларига тезкор ахборот етказиш имконияти кенгаяди.

Мутасаддилар таъкидлашича, масжидлар деярли барча аҳоли пунктларида мавжуд экани, шунингдек 500 метрдан 2000 метргача эшитилиш радиусини таъминлайдиган ташқи овоз кучайтиргичлар билан жиҳозлангани ушбу танловнинг асосий омилларидан бири бўлган.

Ушбу огоҳлантириш канали мобил алоқа ёки электр таъминотида узилишлар юзага келган вазиятларда ҳам тезкор хабарларни узатиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Қўшимча равишда, БМТТД кўмаги ва Яшил иқлим жамғармаси молиявий кўмагида аҳолини огоҳлантириш мақсадида асосий автомобиль йўллари бўйлаб ҳамда одамлар гавжум жойларда 28 та ташқи кенг форматли экран ҳам ўрнатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид