Жаҳон | 09:10
1255
4 дақиқада ўқилади

Покистон Эрон бўйича музокаралар учун майдон таклиф қилди

АҚШ ва Эрон рози бўлган тақдирда, Покистон урушни тугатиш бўйича музокаралар учун мезбон давлат сифатида майдон тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда Шаҳбоз Шариф маълум қилди. Доналд Трамп эса Вашингтон масалани “керакли одамлар” билан муҳокама қилаётганини айтди.

Фото: Александр Казаков / Sputnik / Reuters

Покистон АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушига барҳам бериш мақсадида ўтказиладиган музокаралар учун майдон тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда сешанба, 24 март куни, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф X ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“Покистон Яқин Шарқдаги урушни тўхтатиш, минтақа ва ундан ташқарида тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш мақсадида мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишлайди ва тўлиқ қўллаб-қувватлайди”, — деб ёзди у.

“АҚШ ва Эрон томонидан розилик билдирилган тақдирда, Покистон мазмунли ва самарали музокараларни ўтказишга кўмаклашиш ҳамда жорий можарони ҳар томонлама тартибга солишга қаратилган жараён учун мезбонлик қилишга тайёр ва буни ўзи учун шараф деб билади”, — дея қўшимча қилди Шариф.

AFP агентлигининг аниқлашича, Покистон ҳукумати раҳбари Эрон президенти Масъуд Пезешкиён билан суҳбатлашганини ва минтақада тинчликка эришиш йўлида ёрдам беришга ваъда қилганини маълум қилди. IRNA агентлиги хабарига кўра, Эрон ташқи ишлар вазирлиги 23 март куни “дўст мамлакатлар”дан АҚШнинг музокаралар ҳақидаги сўровини англатувчи хабар олганини билдирган.

Шу орада АҚШ президенти Доналд Трамп 24 март куни Оқ уйда журналистларга Вашингтон Эрондаги “керакли одамлар” билан вазиятни муҳокама қилаётганини ва улар “жуда ҳам келишувга эришишни исташини” яна бир бор айтди.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ томонидан бу мулоқотларда давлат котиби Марко Рубио ва вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс иштирок этмоқда.

АҚШ раҳбари, шунингдек, Теҳрон ядровий қурол яратишдан воз кечишга тайёр эканини ҳам таъкидлади, бироқ воқеалардан олдинлаб кетмасликка чақирди.

Бундан ташқари, Reuters агентлиги хабар беришича, Доналд Трамп Эрон томонидан энергетика соҳасида берилган қандайдир катта имтиёз ҳақида гапирган, аммо тафсилотларни очиқламаган. Унинг айтишича, бу “совға” Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ бўлиб, “жуда катта маблағга арзийди”. Трамп бу масала ядровий энергетикага эмас, балки нефт ва газга тааллуқли эканини қўшимча қилди.

Бундан аввал, 24 март куни Исроилнинг Ynet нашри эронлик амалдорга таяниб ёзишича, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан телефон орқали мулоқот чоғида янги олий раҳбар Мужтаба Хоминаий гўёки Теҳроннинг Вашингтон билан музокара ўтказишини маъқуллаганини айтган. Бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.

АҚШ ва Исроил 28 февралдан бери Эронга ҳаво зарбалари бермоқда. Бу ҳужумлар оқибатида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳамда куч ишлатар тизим вакиллари ҳалок бўлган.

Жавоб тариқасида Эрон Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар орқали ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотларига кўра, бу ҳужумлардан мақсад — минтақадаги Америка ҳарбий базаларидир.

Эрон зарбалари остида Форс кўрфазидаги бир қатор мамлакатлардаги нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам қолган. Бундан ташқари, уруш бошланганидан буён Эрон ҳужумларидан Озарбойжон ва Европа Иттифоқига вақтинча раислик қилаётган Кипр ҳам жабр кўрган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид