Жамият | 12:29 / 26.03.2026
3138
2 дақиқада ўқилади

Ноқонуний тилла савдоси: тезкор тадбирларда йирик ҳолатлар аниқланди

Қимматбаҳо металларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш доирасида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Бухоро, Фарғона ва Андижон вилоятларида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди.

Фото: ДХХ

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Шофиркон туманида яшовчи, 2001 ва 2005 йилларда туғилган икки нафар фуқаро соф оғирлиги 110 грамм бўлган ностандарт шаклдаги олтин қуймасини 17 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Тадбир давом эттирилиб, мазкур қимматбаҳо металлни қотишма шаклида тайёрлаб берган 2001 йилда туғилган шахснинг яшаш манзили кўздан кечирилганда, олтинни эритишга мўлжалланган ускуналар, прекурсорлар ҳамда кислород ва суюлтирилган газ баллонлари мавжудлиги аниқланди. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу олтин қуймасининг баҳоси 209 миллион 757 минг сўмни ташкил этган.

Шунингдек, ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбирда хориждан учиб келган 1980 йилда туғилган чет эл фуқароси шахсий тинтувдан ўтказилди. Натижада, у умумий қиймати 290 миллион 516 минг сўмга тенг, соф оғирлиги 226 грамм бўлган тилла буюмларни оёқлари остига яширган ҳолда божхона назоратидан олиб ўтганлиги аниқланди. Мазкур заргарлик маҳсулотлари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Андижон вилоятида ҳам шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолати қайд этилди. Хусусан, Андижон шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро Қирғизистондан “Дўстлик” халқаро назорат-ўтказиш пункти орқали кириб келаётган вақтда текширувдан ўтказилганда, унинг ёнида божхона декларациясида кўрсатилмаган, тахминий баҳоси 400 миллион сўмлик 241 грамм тилла буюмлар борлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, ушбу заргарлик маҳсулотлари сотиш мақсадида Туркиядан Қирғизистон орқали олиб келинаётган бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан олинган ашёвий далилларга нисбатан экспертиза тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Барча ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид