Жаҳон | 09:28
1318
3 дақиқада ўқилади

Киев ва Ар-Риёд хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Украина президенти Володимир Зеленский Саудия Арабистонига келиб, мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан “хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик”, жумладан, “ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш” бўйича келишув имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда AFP агентлиги юқори лавозимли манбага таяниб хабар қилди. Манбанинг қайси давлатга мансублигига аниқлик киритилмаган.

Фото: SPA/Xinhua/picture alliance

26 март, пайшанба куни эълон қилинмаган ташриф билан Саудия Арабистонига борган Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан “хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик”, хусусан, “ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш”га оид келишувни имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда AFP агентлиги юқори мартабали мансабдорга таяниб хабар берди. Бироқ у қайси давлат вакили экани очиқланмаган.

“Саудия Арабистонига етиб келдим. Муҳим учрашувлар режалаштирилган. Қўллаб-қувватлаётганларни қадрлаймиз ва хавфсизлик йўлида биз билан бирга ишлашга тайёр бўлганлар билан ҳамкорлик қиламиз”, — деб ёзди Зеленский Саудия Арабистонига ташрифи ҳақида ўзининг Telegram-каналида.

Украина президенти мамлакатда айнан кимлар билан учрашиши режалаштирилгани постда кўрсатилмаган. AFP ҳам икки давлат ўртасидаги эҳтимолий келишув тафсилотларини келтирмаган.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан сўнг, Теҳрон Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар ҳудудидаги объектларга ҳам ҳужум қилгани ортидан Киев Эроннинг Shahed русумли дронларига қарши ҳимояда ёрдам таклиф қилмоқда. Бу дронлардан Россия армияси ҳам Украинадаги урушда фойдаланмоқда.

Март ойи ўрталарида Зеленский Яқин Шарқ давлатларида 201 нафар украиналик ҳарбий эксперт борлигини, яна 34 нафари эса “жойлаштиришга тайёр” эканини маълум қилган эди.

“Жамоаларимиз аллақачон БАА, Қатар ва Саудия Арабистонига етиб борди, шунингдек Кувайтга ҳам йўл олмоқда. Биз бошқа давлатлар билан ҳам ишлаяпмиз, келишувлар аллақачон тузилган. Биз Эрон террорининг қўшни давлатларга қарши давом этишини истамаймиз”, — деган эди ўшанда Украина президенти.

Зеленский ҳарбий мутахассисларни юбориш тўғрисидаги қарор Украина ҳамкорларининг, жумладан Вашингтоннинг илтимосига жавобан қабул қилинганини таъкидлаган.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса аввалроқ ўз мамлакатига дронлардан ҳимояланишда Киев ёрдами керак эмаслигини билдирган эди.

“Биз учувчисиз аппаратлар ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ биламиз. Аслида, дунёдаги энг яхши дронлар бизда”, — деган Америка етакчиси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид