Иқтисодиёт | 18:37
1637
3 дақиқада ўқилади

Нақдсиз савдо банкларга 100 триллион сўмгача маблағ олиб кириши мумкин — ИМВ

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва автомобил олди-сотдисининг нақдсиз шаклга ўтказилиши – йилига 60–100 триллион сўм маблағни банк тизимига олиб кириши мумкин. Бу эса банк бозорида рақобатни кучайтириб, кредит ставкалари пасайишига хизмат қилади, дея маълум қилди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров.

“Агар битта машина нархини 200 миллион деб олсак, кунига 100 та машина сотилса, банк тизимига 20 миллиард сўм киради. 1000 та машина сотилса – 200 миллиард сўм”, деди Ҳайдаров 27 март кунги матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, йиллик ҳисобда кўрсаткичлар янада катталашади: “йилига 60–100 триллион сўм атрофида маблағ банк тизимига киради, бу жуда катта эффект беради”.

Вазир ўринбосарининг айтишича, бу жараён банклар ўртасида кучли рақобатни юзага келтиради. Мижозларни жалб қилиш учун банклар хизматларини яхшилашга ва шартларни енгиллаштиришга мажбур бўлади. Энг муҳими, тизим банклар учун катта ҳажмдаги “арзон ресурс”ни шакллантиради.

“Агар кунига 20 миллиард сўм банк ҳисобида айланиб турса, бу маблағлар кредитга йўналтирилади ва натижада кредит ресурслари арзонлашади”, деди Аҳадбек Ҳайдаров.

Расмийга кўра, бу нафақат банк тизими, балки бутун иқтисодиёт учун ижобий таъсир кўрсатади – арзон кредитлар орқали тадбиркорлик ва аҳолининг молиявий имкониятлари кенгаяди.

Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда йилига 5,4 миллионга яқин нотариал ҳаракатлар амалга оширилади. Шундан 320 мингтаси кўчмас мулк, 650 мингтаси автомобил олди-сотдисига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда ёқилғи, алкогол ва тамаки маҳсулотлари; коммунал ва давлат хизматлари; кўчмас мулк ва “10 ёшга тўлмаган” автомобиллар олди-сотдиси фақат нақдсиз шаклда амалга оширилади.

Бундан ташқари, нархи 25 млн сўмдан ошиқ ҳар қандай товар ва хизматни ҳам фақат нақдсиз тўлов эвазига харид қилиш мумкин бўлади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид