Жаҳон | 10:16
1906
2 дақиқада ўқилади

Непал собиқ бош вазири ҳибсга олинди

Непалнинг собиқ бош вазири Шарма Оли 2025 йилда бўлиб ўтган, “Z авлоди намойишлари” деб ном олган оммавий чиқишларни шафқатсиз бостиришга алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинди.

Фото: BBC

Ижтимоий тармоқларга қўйилган тақиқ ортидан бошланган ва коррупция ҳамда оғир иқтисодий шароитдан кучайиб борган норозиликлар туфайли юзага келган сентябрдаги тартибсизликлар чоғида 70 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, уларнинг кўпчилиги полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Собиқ бош вазир билан бирга мамлакатнинг собиқ ички ишлар вазири Рамеш Лехак ҳам ҳибсга олинган.

Бундан бир кун олдин мамлакатнинг янги бош вазири — 35 ёшли реппер Бален Шоҳ қасамёд қилган эди.

“Улар бугун эрталаб ҳибсга олинди ва жараён қонунга мувофиқ давом этади”, — деди полиция вакили France Press агентлигига.

Шарма Оли айбловларни рад этмоқда, унинг адвокатлари эса Reuters агентлигига мижозининг терговнинг бу босқичида ҳибсга олиниши асоссиз эканини билдирган.

Непалнинг янги ички ишлар вазири Судан Гурунг, намойишларда муҳим рол ўйнаган шахслардан бири сифатида, ҳибсларни олқишлади.

“Ҳеч ким қонундан устун эмас… Бу кимдандир қасос олиш эмас, балки адолатнинг бошланишидир”, — деб ёзди у Instagram саҳифасида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид