Жаҳон | 16:26 / 04.11.2025
2936
4 дақиқада ўқилади

Непалда қор кўчкиси оқибатида 7 нафар алпинист ҳалок бўлди

Непал шимоли-шарқидаги Ҳимолай тоғлари чўққиларидан бирида содир бўлган қор кўчкиси оқибатида камида етти нафар алпинист, жумладан, беш нафар хорижлик ва икки непаллик ҳалок бўлди, деб хабар берди Seven Summit Treks экспедиция агентлиги.

Фото: Getty Images

Ҳодиса душанба куни маҳаллий вақт билан соат 09:00 да (Гринвич бўйича 03:15) Долакха округидаги Ялунг Ри тоғида асосий лагер яқинида содир бўлган.

Қутқарувчилар икки жасадни топган, қолганларини қидириш ишлари давом эттирилмоқда, улар қор остида қолиб кетгани тахмин қилинмоқда. Саккиз киши қутқариб қолинган, улар пойтахт Катмандуга олиб келиниб, тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бу алпинистларнинг барчаси қор кўчкиси бошланишидан бир соат олдин маршрутга чиққан гуруҳ таркибида бўлган, деди BBC Непал хизматига туман полицияси бошлиғи.

Яна беш нафар алпинистнинг жасадлари «қор остида 3-4,5 метр чуқурликда бўлиши мумкин», деди Seven Summit Treks раҳбари Минма Шерпа. У қидирув ишлари кўп вақт олишини айтган.

Ҳалок бўлганлар орасида икки италиялик, бир нафардан канадалик, германиялик ва франциялик алпинистлар, шунингдек, икки непаллик йўлбошловчи бор.

Маҳаллий полиция бошлиғи ўринбосари Гян Кумар Махато душанба куни BBC мухбирига хабар беришича, қутқарув вертолёти Долакхадаги На Гаун туманига – Ялунг Ри таянч лагеридан беш соатлик масофада қўнган.

Қутқариб олинган алпинистлардан бири Kathmandu Post нашрига айтишича, улар бир неча бор ёрдам чақиришган, бироқ ҳеч қандай натижа бўлмаган. «Агар қутқарувчилар ўз вақтида етиб келганида, кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди», – дейди у.

Полиция расмийси журналистларга маълум қилишича, ноқулай об-ҳаво ва логистик муаммолар қутқарув ишларини қийинлаштирган, бу эса алпинистлар олдига вертолёт орқали ҳам, пиёда ҳам етиб бориш имконини бермаган.

Kathmandu Post нашри хабар беришича, гуруҳ 6332 метр баландликдаги қўшни Долма Кҳанг чўққисига чиқишга тайёргарлик кўрган. 5630 метр баландликдаги Ялунг Рига кўтарилиш иқлимга мослашиш вазифасини ўтаган.

Бунга параллел равишда Непалнинг ғарбий қисмидаги Панбари тоғига чиқишга уриниш чоғида бедарак йўқолган икки италиялик алпинистни қутқаришга уринишлар давом этмоқда.

Стефано Фарронато ва Алессандро Капуто ўтган ҳафта уч нафар маҳаллий гид билан қийин аҳволга тушиб қолган уч кишилик гуруҳ таркибида ҳаракатланган. ОАВ маълумотларига кўра, гуруҳнинг учинчи аъзоси, 65 ёшли Велтер Перлино қутқарилган.

Куз Непалда алпинистлар учун машҳур фаслдир, чунки об-ҳаво шароити ва кўриниш одатда яхшироқ. Бироқ тоғларда об-ҳаво барибир беқарор.

Ўтган ҳафта «Монта» циклони бутун Непал бўйлаб кучли ёмғир ва қор ёғишига олиб келди, бу эса сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлди, хусусан, мамлакат ғарбидаги Мустанг минтақасида бир гуруҳ алпинистларни қутқаришга тўғри келди. Мамлакатда жами 50 дан ортиқ киши табиий офат қурбонига айланди.

Октябр ойида мураккаб об-ҳаво шароити туфайли тахминан 580 нафар сайёҳ Эверест тоғи яқинида 4900 метрдан ортиқ баландликда қолиб кетган. Кучли қор ёғиши уларнинг ортга қайтиш йўлини тўсиб қўйганди ва уларни хитойлик қутқарувчилар кучи билан эвакуация қилишга тўғри келди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид