Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полша минглаб ўзбекистонликларни ишга олмоқчи
Полша компаниялари турли соҳалар бўйича 3600 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассисни ишга жалб қилишга эҳтиёж билдирмоқда.
Фото: Дунё
Варшавада Ўзбекистоннинг меҳнат ресурслари салоҳиятини тарғиб қилиш ва Полша компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Унда Полшанинг Grupa Progres, Gremi Personal, Personnel International каби 20 дан ортиқ етакчи рекрутинг ва иш берувчи компаниялари вакиллари иштирок этди.
Музокаралар давомида поляк иш берувчилари Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича аниқ эҳтиёжларини маълум қилди. Хусусан, логистика соҳаси учун 2000 нафар, хизмат кўрсатиш тармоғи учун 800 нафар, саноат соҳасига 600 нафар ва қурилиш йўналишига 200 нафар мутахассис кераклиги айтилди. Шу тариқа, жами 3600 га яқин ўзбекистонликни иш билан таъминлаш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Тадбирда иштирок этган поляк компаниялари вакиллари Ўзбекистонни ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида баҳолади. Улар ўзбекистонлик ходимларни жалб қилишга тайёр эканини, бу борада ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Шунингдек, Полша тадбиркорлар ва иш берувчилар иттифоқи вакиллари икки давлат ўртасида самарали миграция сиёсатини йўлга қўйиш бўйича музокаралар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Қайд этилишича, Полша иқтисодиёти доимий ишчи кучига эҳтиёж сезмоқда ва Ўзбекистон бу борада ишончли ҳамкорлардан бири бўлиши мумкин.
Учрашувда марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик ходимларга талаб юқори экани ҳам алоҳида урғуланди. Айрим компаниялар виза тартиб-таомилларини соддалаштириш орқали меҳнат миграцияси жараёнларини янада енгиллаштириш муҳимлигини билдирди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Миграция агентлиги ва аккредитациядан ўтган бандлик ташкилотлари иштирокида B2B форматида навбатдаги учрашувларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу эса фуқароларнинг Полшада хавфсиз, қонуний ва тартибли меҳнат фаолиятини йўлга қўйишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Мавзуга оид
11:53 / 25.03.2026
Полшада Ўзбекистон фуқароси вафот этди
18:09 / 23.03.2026
Полшалик эркак ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун назарий имтиҳондан 139-уринишда ўтди
08:30 / 23.03.2026
Ўзбекистон Полша тажрибасини аграр соҳага жорий этишни кўзламоқда
14:18 / 17.03.2026