Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Журналист ва шоир Карим Баҳриев вафот этди
У сўнгги кунларда оғир аҳволда шифохонага тушиб қолганди.
Шахсий архив
Таниқли журналист ва шоир Карим Баҳриев оғир хасталик туфайли 64 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Журналист уюшмаси хабар бермоқда.
У бир неча кун аввал геморагик инсулт ташхиси билан шифохонага ётқизилганди.
Карим Баҳриев 1962 йил 15 июл куни Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Аввал Самарқанд давлат университетида, кейин эса Москва давлат университетининг журналистика факултетида ўқиган.
У журналист, ёзувчи, таржимон, сиёсатчи сифатида фаолият юритган. Хусусан, 1990–1995 йилларда парламент депутати бўлган.
Турли йилларда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Маърифат» газеталарида, «Жаҳон адабиёти», «Дугоналар» нашрларида фаолият юритган. Бундан ташқари, 90-йилларда «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири сифатида ҳам танилган.
Карим Баҳриев кўплаб илмий-оммабоп ва адабий асарлар муаллифи бўлиб, «Сабр косасининг синиқлари», «Томчидил» каби шеърий китоблар, шунингдек журналистика ва ҳуқуқ соҳасига оид қатор асарлар ёзиб қолдирди. Айниқса унинг 2000-йиллар бошида нашр қилинган «Сўз эркинлиги ҳақида сўз» номли китоби ўз даврида шов-шув кўтарганди.
Сўнгги йилларда Карим Баҳриев таржима соҳасида самарали ижод қилди. Хусусан, у Платон, Волтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюернинг фалсафий асарларини, жаҳон халқлари ҳикматларини, Генри Форднинг «Менинг ҳаётим», Жорж Оруэллнинг «1984» ва «Молхона», Светлана Алексеевичнинг «Чернобил таваллоси» романларини ва Малколм Гладуэлнинг «Даҳолар ва уддабуронлар» асарларини, шунингдек Чингиз Айтматов, Дино Буссати, Жованни Папини ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.
Карим Баҳриев Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси, Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси эди, шунингдек, 2019-2022 йилларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида медиа ҳуқуқи ва этикаси фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритган.
Мавзуга оид
21:01 / 25.02.2023
“Ахборот сиёсатимиз миллий манфаатларимизга жавоб бермайди” — фаоллар
16:24 / 24.02.2023
Заиф ахборот сиёсати, тилсиз парламент ва ўзгараётган қарашлар — Украинадаги уруш ва ўзбек жамияти
22:19 / 20.06.2022
Ўзбекистон Мустақиллик декларациясига 32 йил. У қандай қабул қилинганди?
19:07 / 06.11.2021