Жамият | 18:15
600
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ахборот маконидаги йирик воқеа - “Медиа ҳафталик” бошланди

Дастур контент яратиш, матнли ва визуал форматлар ҳамда жанрларнинг қўлланиши, ахборот хавфсизлиги, стратегик коммуникация, медиа менежмент, SMM ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш каби кўплаб муҳим мавзуларни қамраб олади.

30 март куни Қорақалпоғистон Республикасида ахборот маконида йилнинг энг йирик таълимий-амалий воқелиги — “Медиа ҳафталик” бошланди. Унда қатнашчилар замонавий медиа муҳитидаги долзарб масалалар юзасидан кўникмаларини оширади.

Дастур контент яратиш, матнли ва визуал форматлар ҳамда жанрларнинг қўлланиши, ахборот хавфсизлиги, стратегик коммуникация, медиа менежмент, SMM ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш каби кўплаб муҳим мавзуларни қамраб олади.

Тренинг ва маҳорат дарслари давомида иштирокчилар нафақат назарий билимларни, балки реал кейслар асосида ишлаш, хатоларни таҳлил қилиш, янги ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Тадбирда илғор экспертлар, амалиётчи журналистлар, муҳаррирлар, продюсерлар ҳамда мутахассислар спикер сифатида қатнашмоқда. Улар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий медиа ривожининг устувор йўналишлари бўйича тавсиялар беради.

Таъкидланишича, “Медиа ҳафталик”нинг муҳим жиҳати — иштирокчиларга алоҳида эътибор қаратиш. Тадбир давомида ўнлаб интервьюлар, очиқ мулоқотлар ва фикр алмашинувлар ташкил этилиб, иштирокчиларнинг ўзлари медиа соҳасидаги муаммолар, кутилаётган натижалар ва эришилган ютуқлар ҳақида фикр билдиради.

Ҳафталик доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича махсус сессиялар ташкил этилган:

• босма ва интернет нашрлари журналистлари;

• тележурналистлар ва операторлар;

• давлат органлари матбуот котиблари;

• блогерлар ва контент яратувчилар;

• мобилографлар ва SMM мутахассислари.

Ҳафталик якунида Медиа форум ташкил этилиб, унда тадбир натижалари сарҳисоб қилиш режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид