Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мянмада хунта раҳбари президентликка номзод қилиб кўрсатилди
Амалда Мянмани бошқараётган ҳарбий хунта раҳбари Мин Аун Хлайн мамлакат президентлигига номзод сифатида илгари сурилди. Бунинг учун у 2011 йилдан буён эгаллаб келган олий бош қўмондон лавозимини тарк этди.
Мянма парламенти қуйи палатаси амалда мамлакатни бошқараётган ҳарбий хунта раҳбари Мин Аун Хлайнни уч нафар вице-президентдан бири лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Мянма қонунчилигига кўра, кейинги президент айнан шу уч нафар вице-президент орасидан танланади. Бу ҳақда 30 март, душанба куни AFP агентлиги маҳаллий ОАВга таяниб хабар қилди.
Президент лавозимига сайланиш имконига эга бўлиш учун 69 ёшли Мин Аун Хлайн 2011 йил март ойидан буён эгаллаб келган олий бош қўмондон лавозимини ҳам тарк этди. Сиёсий таҳлилчи Наинг Мин Кхантнинг фикрича, Мянма ҳокимиятининг бу қадамлари 2021 йилда давлат тўнтаришини амалга оширган хунта раҳбари “қонунийлик ниқобини сақлаган ҳолда”, “мамлакатни темир қўл билан бошқаришда давом этмоқчи” эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, BBC қайд этишича, Мин Аун Хлайн олий бош қўмондон лавозимини тарк этиш орқали ўз ҳокимиятини хавф остида қолдирмоқда. У бу лавозимга ўз тарафдори, разведканинг собиқ раҳбари Йе Вин Оони тайинлади, бироқ айтилишича, армиянинг айрим юқори мартабали қўмондонлари мамлакат бошқарувидан норози. Улар томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган эҳтимолий таҳдиднинг олдини олиш мақсадида Мин Аун Хлайн маслаҳат кенгаши тузган бўлиб, бу тузилма унга, режага кўра, ҳарбий соҳа устидан ҳам назоратни сақлаб қолиш имконини беради.
Мянмада 2021 йил февралида ҳарбий тўнтариш содир бўлган эди. Мамлакат раҳбарлари, жумладан давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва президент Вин Мин ҳибсга олинган. Ҳокимият Қуролли кучлар олий бош қўмондони Мин Аун Хлайн ва ҳарбий тузилмалар қўлига ўтган.
Генераллар тўнтаришни 2020 йилги сайловларда гўёки қонунбузарликлар бўлгани билан асослашга уринган. Ўша сайловларда Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги “Демократия учун миллий лига” партияси катта устунлик билан ғалаба қозонган эди. Бироқ ҳарбийлар бу қоидабузарликларга доир ҳеч қандай далил тақдим этмаган. Аун Сан Су Чжи бир қатор айбловлар бўйича айбдор деб топилиб, қамоққа олинган. 2024 йил апрелида эса у уй қамоғига ўтказилган.
2025 йил июлида фавқулодда ҳолат режими тугагани расман эълон қилинди, аммо амалда мамлакатдаги ҳокимият ҳамон ҳарбийлар назорати остида қолмоқда. 2025 йил декабри — 2026 йил январида эса мамлакатда тўнтаришдан кейинги илк парламент сайловлари бўлиб ўтди. Уларнинг якунларига кўра, парламентнинг ҳар икки палатасидаги ўринларнинг катта қисми хунтага яқин бўлган “Иттифоқ бирдамлиги ва тараққиёти партияси” (USDP) аъзолари ҳамда ҳарбийлар томонидан эгалланди.
Мавзуга оид
22:04 / 31.05.2026
Мянмада бинода юз берган портлаш оқибатида 46 киши ҳалок бўлди
10:39 / 24.04.2026
Дунёдаги опий ва героин энг кўп тайёрланадиган жой — гиёҳванд моддалар макони бўлган Олтин учбурчак
10:26 / 04.04.2026
Мянма ҳарбий хунтаси раҳбари президент этиб сайланди
20:40 / 02.02.2026