Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда саноат зоналари ташкил қилишга мораторий эълон қилинди
Президент фармонига асосан, Ўзбекистонда “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилади. Экологик вазиятни яхшилаш учун шошилинч чоралар кўришга масъул Махсус комиссия фаолияти энди фақат Тошкент шаҳри билан чекланмасдан, бутун республикани қамраб олади. Тошкентда янги саноат зоналарини ташкил қилишга муддатсиз мораторий жорий қилинди (хизматлар соҳасидаги зоналар бундан мустасно).
Сунъий интеллектда яратилган сурат
Ўзбекистон президенти атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси тўғрисида фармон имзолади.
Унга асосан, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Махсус комиссия (2025 йил ноябр ойида тузилган) фаолияти 2027 йил 1 мартгача узайтирилди. Комиссия бундан буён Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика Махсус комиссияси деб аталади.
Ҳар бир ҳудуд учун алоҳида “Тоза ҳаво” дастурлари ишлаб чиқилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил қилишга муддатсиз мораторий жорий қилинади. Хизмат кўрсатиш ёки молиявий хизматларга ихтисослашган зоналар бундан мустасно.
Фармонга биноан:
- 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг экологик менежмент, иссиқхона газларини бошқариш, экологик хавфсизлик ва яшил энергия халқаро сертификатларини олиб, маҳсулотининг 30 фоизини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарган корхоналарнинг сертификатни олиш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисми қоплаб берилади (Экология қўмитаси ҳузуридаги Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан);
- 2026 йил 1 майгача Тошкент шаҳри ҳамда унга туташ ҳудудларда жойлашган иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш корхоналарида устувор (турғун) манбалар бўйича мажбурий тартибда автоматик мониторинг станциялари ва автоматик кузатув постлари ўрнатилади ҳамда ушбу қурилмалардан олинадиган маълумотлар Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинади;
- атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналар томонидан ўрнатилган автоматик мониторинг станциялари Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан атроф табиий муҳитни ифлослантиргани ва чиқиндиларни жойлаштиргани учун компенсация тўловлари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланади;
- 2026 йил 1 июлдан бошлаб иссиқхоналарни иссиқлик билан таъминлашда иссиқхоналардаги мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган ҳамда ёниш жараёни назорат қилинмайдиган қозонлардан фойдаланиш амалиёти бекор қилинади.
Қайд этилишича, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)дан 100 млн доллар қарз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)дан 200 млн доллар давлат кафолатисиз кредит жалб қилиш бўйича келишувга эришилган. Бу маблағлар тижорат банклари орқали саноат корхоналарига яшил технологиялар, чанг-газ тозалаш ускуналари, автоматик мониторинг станциялари, энергия самарадор ускуналар ва локал сув тозалаш иншоотларини сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратишга йўналтирилади.
Вазирлар Маҳкамасига вазифа юклатилди: ҳукумат 2026 йил 1 майдан бошлаб 2026 йил 1 декабргача атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналарда яшил технологиялар, чанг-газ тозалаш ускуналари, автоматик мониторинг станциялари, энергия самарадор ускуналар ва локал сув тозалаш иншоотларни ўрнатиш режасини тасдиқлаб, ижросини таъминлаши керак.