Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Мазкур комиссия зиммасига пойтахтда ҳаво сифати, яшил ҳудудларни асраш ва кўпайтириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш, саноат корхоналари фаолиятида экологик талабларга риоя этилишини кучайтириш каби йўналишларда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини мувофиқлаштириш вазифалари юклатилади.

Махсус комиссиянинг унга юклатилган вазифалар ва берилган ваколатлар доирасида қабул қилинган қарорлари, кўрсатмалари барча давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Фармонда белгиланган чоралар Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва яшаш учун қулай шароит яратишга қаратилган.

Транспортлар ҳаракатида чекловлар

Махсус комиссияга қуйидаги ваколатлар берилади:

1) Табиий чангланиш кучайган пайтда саноат корхоналари, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловларни жорий қилиш;

2). Транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, жумладан:

  • Тошкент шаҳрида юк ташиш автотранспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш амалиётини йўлга қўйиш;
  • автотранспорт воситаларининг, шу жумладан давлат рақамига мос равишда тоқ ва жуфт саналарда ҳаракатланишини чеклаш амалиётини жорий қилиш (электромобиллар бундан мустасно);
  • ҳаракатланиши вақтинчалик чекланадиган автотранспорт воситалари турлари, кўчалар ва бошқа ҳудудларни белгилаш.

3) атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиш;

4) Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларга кўчирилиши мажбурий бўлган саноат корхоналари ва саноат зоналарини белгилаш;

5) саноат корхоналари учун ташланмаларнинг рухсат этилган миқдорини белгилаш ва ушбу талабни бузган саноат корхоналари фаолиятини тўхтатиш бўйича белгиланган тартибда чора кўриш;

6) қурилиш ишларини амалга оширишга чеклов ва уларга талаблар жорий қилиш, шу жумладан қурилиш вақтида чангни бартараф этувчи ускуналарни ўрнатиш ва бошқа талаблар;