Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Судлардан норози эркак Олий суд қаршисидаги дарахтга чиқиб олди
Шундан кейин Олий суд раиси уни қабул қилиб, шикоятини тинглади. Идора матбуот хизмати дарахтга чиқиш каби усуллар масалани ҳал этишга хизмат қилмаслигини, мурожаатлар белгиланган тартибда қилиниши кераклигини билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат
47 ёшли эркак Ўзбекистон Олий суди биноси олдидаги дарахтга чиқиб, ўзига оид жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норозилигини билдирди. Ижтимоий тармоқларда шу ҳолат акс этган сурат тарқалди.
Олий суд хабарига кўра, воқеа 30 март куни рўй берган. Эркак пастга туширилгач, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов уни қабул қилган ва шикояти тегишли тартибда ўрганиш учун расмийлаштирилган.
Жиноят иши тарихи
Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2020 йил 5 октябрдаги ҳукмига кўра, мазкур фуқаро А.Ч. Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан оқланиб, унга Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Биринчи инстанция судининг ҳукми юқори инстанция судларида кўриб чиқилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.
Бундан ташқари, А.Ч. 2025 йил 29 ноябр куни Олий суд раиси томонидан қабул қилиниб, унга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириш учун асослар етарли эмаслиги маълум қилинган.
“Дарахтга чиқиш каби ҳаракатлар масалани ҳал этишга хизмат қилмайди”
“Фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, улар Олий судга белгиланган процессуал тартибда эркин ва тўсиқсиз мурожаат қилиш имкониятига эгадир. Шу боис, мурожаат қилиш учун ноодатий ёки хавфли ҳаракатларга қўл уришнинг ҳожати йўқ.
Хусусан, мазкур ҳолатдан келиб чиқиб таъкидланадики, Олий судга мурожаат қилиш учун дарахтга чиқиш каби ҳаракатлар талаб этилмайди ва бундай усуллар масалани ҳал этишга хизмат қилмайди. Аксинча, мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шакллар орқали амалга оширилиши лозим.
Фуқароларга ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, мурожаат қилишнинг қонуний механизмларидан тўғри фойдаланиш ва ўз ҳуқуқларини қонуний усуллар орқали ҳимоя қилиш тавсия этилади”, – дейилади Олий суд баёнотида.