Жамият | 15:00
2954
2 дақиқада ўқилади

Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтаси режимига ўтказилди

Тиббий хизматлар узлуксизлигини таъминлаш мақсадида байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш тартиби жорий этилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтди. Бу президентнинг 2025 йил 9 ноябрдаги «Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

ССВ матбуот хизмати қайд этишича, бунда шифо масканлари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Давлат тиббиёт муассасаларида беш кунлик иш ҳафтасини ташкил этишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.

Унга кўра 2026 йил 1 апрелдан:

  • тиббиёт ходимлари учун ҳафталик иш вақти 36 соатдан ошмайди;
  • зарарли ва хавфли шароитларда ишловчилар учун қисқартирилган иш вақти қўлланади;
  • юқори руҳий ва ақлий зўриқишли ишлар учун ҳам 36 соатдан ошмайди;
  • тиббиёт ходимлари бўлмаганлар учун иш вақти 40 соатни ташкил этади. 

Поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида иш вақти:

  • душанба–жума: 08:00–20:00; 
  • шанба: 08:00–14:00 (навбатчилик).

Соғлиқни сақлашнинг янги модели жорий этилган ҳудудларда: 

  • асосий иш вақти: 08:00–16:00; 
  • қўшимча навбатчилик: 16:00–20:00. 

Навбатчилик вазирликнинг 254-сон буйруғи асосида амалга оширилади. Иш ҳақи сақланади, камайтирилмайди. Ички ҳужжатлар ва меҳнат шартномалари қайта расмийлаштирилади.

Стационарларда навбатчилик доимий ташкил этилади. Смена ва навбатчилик адолатли тақсимланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид