Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эронга яқин ҳафталарда кучли зарбалар берилишини айтди
АҚШ президенти Доналд Трамп миллатга мурожаатида Эронга қарши урушда асосий стратегик мақсадлар деярли амалга оширилганини айтиб, яқин икки-уч ҳафта ичида “жуда кучли зарбалар” берилишини маълум қилди.
Фото: Alex Brandon/AFP
2 апрел, пайшанба кунига ўтар кечаси Оқ уйда миллатга мурожаат қилган Трампнинг айтишича, АҚШ қўшинлари Эронга қарши урушда тез орада “ишни якунига етказади”, чунки “асосий стратегик вазифалар бажарилиш арафасида”.
“Биз уларга (Эронга) келаси икки-уч ҳафта ичида ниҳоятда кучли зарбалар берамиз. Биз уларни ўз ўрни бўлган тош даврига қайтариб қўямиз”, — деди Трамп.
У шунингдек, агар Эрон Вашингтон шартлари асосида келишувга рози бўлмаса, АҚШ “уларнинг барча электр станцияларига жуда кучли ва эҳтимол бир вақтнинг ўзида зарба беради”, деб таҳдид қилди.
Трамп яна бир бор Эрон томонидан тўсиб қўйилган Ҳўрмуз бўғози орқали нефт олувчи давлатларни уни ўзлари очишга чақирди.
“Ҳўрмуз бўғози орқали нефт оладиган давлатлар бу йўлак ҳақида ўйлаши керак. Улар уни қадрлаши керак. Уни ҳимоя қилиши керак. Боринглар ва уни олинглар. Ҳимоя қилинглар. Ўзларингиз учун фойдаланинглар”, — деди у.
Трамп, шу билан бирга, АҚШ бу йўлакка муҳтож эмаслигини таъкидлади. Бу баёнот унинг аввал Эрон 6 апрелгача бўғозни очмаса, энергетика инфратузилмасига зарба бериш ҳақидаги таҳдидидан маълум маънода чекиниш сифатида баҳоланмоқда.
Трампнинг 20 дақиқалик нутқини Associated Press агентлиги жонли эфирда намойиш этган. Бироқ журналистларга ушбу чиқишда иштирок этишга рухсат берилмаган.
Оқ уй аввал нутқ видеосини ўз сайтига жойлаган, аммо кейинчалик ҳеч қандай изоҳ бермасдан уни ўчириб ташлаган.
Трамп бир кун аввал журналистлар билан мулоқотда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши яқин икки-уч ҳафта ичида якунланиши мумкинлигини айтган эди.
Унинг сўзларига кўра, ҳатто келишув бўлмаган тақдирда ҳам ҳужумлар тўхтатилиши мумкин.
“Уларда режим алмашди. Бу менинг режамда йўқ эди. Менинг ягона мақсадим — уларда ядровий қурол пайдо бўлишининг олдини олиш эди ва бу мақсадга эришилди. Биз ишни тугатяпмиз. Бу, эҳтимол, икки ҳафта, балки бироз кўпроқ вақт олади”, — деди Трамп (CNN маълумотига кўра).
У, шунингдек, агар келишувга эришилса, уруш янада тезроқ тугаши мумкинлигини айтди. Бироқ унинг фикрича, келишув бўладими-йўқми — “катта аҳамиятга эга эмас”.
Трамп АҚШ Эронга ҳужумларни тўхтатган заҳоти нефт нархлари кескин тушишини ҳам таъкидлади.