Жаҳон | 09:50 / 04.04.2026
3902
4 дақиқада ўқилади

Украинага кучли зарбалар: қурбонлар сони камида ўн кишига етди

3 апрел, жума куни Россиянинг Украина ҳудудларига берган оммавий зарбалари оқибатида камида ўн киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди, уйлар вайрон бўлди, шунингдек ветеринария клиникасидаги ҳайвонлар нобуд бўлди. Бу ҳақда дастлабки маълумотлар келтирилмоқда.

Фото: AP

Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, 3 апрел, жума куни Россиянинг Украинага қарши оммавий ҳужумлари натижасида камида ўн киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар яраланган, ўнлаб турар жой биноларига зарар етган. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия қўшинлари 542 та ҳужумкор дрон, 10 та баллистик ракета ва 25 та қанотли ракета учирган. Украина президенти Володимир Зеленский Пасха арафасида вазият кескинлашганини билдирди.

“Бугун Рим папаси Лев XIV билан гаплашдим. Айнан шу суҳбат пайтида россияликлар яна Украинага ҳужум қилди — шаҳарларимиз ва жамоаларимизга қарши юзлаб дронлар ва ўнлаб ракеталар ишлатилди. Одамларимиз учун бир соат ҳам тинчлик йўқ — бу Россиянинг Пасхада ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифимизга жавобидир”, — деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.

У Россия қўшинлари амалда зарбалар интенсивлигини оширганини ва сукунат режими ўрнига “пасхалик эскалация”га ўтганини таъкидлади. Бундан аввал Украина президенти Пасха вақтида энергетика соҳасида вақтинчалик тинчлик режими жорий этишни таклиф қилган, аммо Кремл бу таклифни рад этган эди.

Киев вилоятида Россия зарбалари оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна саккиз киши, жумладан бир бола яраланди, деб маълум қилди Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Николай Калашник. Унинг айтишича, Буча, Фастов ва Обухов туманларида хусусий ва кўп қаватли уйлар, автомобиллар, маъмурий бинолар ва бошқа объектларга зарар етган. Шунингдек, Россия ҳужуми натижасида ветеринария клиникасида қарийб 20 та ҳайвон нобуд бўлган.

3 апрел куни кундузи Россия қўшинлари Краматорскка бешта авиабомба ташлаган. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлган, яна уч киши яраланган, деб хабар қилди Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин. Унинг сўзларига кўра, бешта кўп қаватли уй, техник хизмат кўрсатиш станцияси ва автомобилларга зарар етган.

Харкивда Россиянинг Шевченко туманига қилган ҳужуми натижасида етти киши жароҳат олган. Кейинроқ улардан икки нафари — тахминан 60 ёшли эркак ва 29 ёшли аёл шифохонада вафот этган, деб маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.

Днипропетровск вилоятида 3 апрел куни Россиянинг дронлар, артиллерия ва ракета ҳужумлари оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна 12 киши яраланган, деб хабар қилди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа.

Ҳудудий ҳокимиятлар маълумотига кўра, яна уч нафар ҳалок бўлганлар Суми вилоятига тўғри келади. Бундан ташқари, Житомир вилоятида ҳам бир нафар маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлган. У ерда Россия ҳужуми оқибатида ўн киши жабрланган, улардан икки нафари қутқарувчилар томонидан вайроналар орасидан олиб чиқилган.

Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати маълум қилишича, 18 та бино, жумладан тўққизта турар жой уйи вайрон бўлган. Шунингдек, 100 дан ортиқ турар жой уйи, 55 та хўжалик иншооти ва икки дўконга зарар етган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид