Жаҳон | 23:43 / 05.04.2026
1977
2 дақиқада ўқилади

Теҳрон АҚШ инфратузилмасига зарба бериш билан таҳдид қилди

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон раҳбариятига мурожаат қилиб, мамлакатдаги электр станциялар ва кўприкларни портлатиш билан таҳдид қилганди.

Фото: Эрон армияси

Эрон армияси АҚШнинг Форс кўрфази ҳудудидаги инфратузилмасига худди Эронга қилинган ҳужум каби зарбалар беради. Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий ана шундай баёнот берди.

"Биз инфратузилмамизга қилинган ҳужумларга Американинг минтақада жойлашган объектларига худди шу тарзда жавоб қайтарамиз", - дея Бақоийнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Al Jazeera телеканали.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Эрон раҳбариятига мурожаат қилиб, мамлакатдаги электр станциялар ва кўприкларни портлатиш билан таҳдид қилганди.

«Сешанба Эронда бир вақтнинг ўзида Электр станциялар куни ва Кўприклар куни бўлади. Бунақасини ҳали кўрмагансиз!!! Ақлдан озган аблаҳлар, лаънати [уятли сўз] (оригиналида – fuckin strait ) бўғозни очинг, акс ҳолда дўзахга равона бўласизлар. Буни кўрасиз!» – дейилган унинг постида.

4 апрел куни Трамп Эронга ултиматум қўйиб, Теҳронда Ҳўрмуз бўғозини очиш учун икки кун қолаётганини айтди.

«Ёдингизда бўлса, мен келишув тузиш ёки Ҳўрмуз бўғозини очиш учун Эронга ўн кун вақт берганман. Вақт тугамоқда – уларнинг бошига дўзах куни тушишига 48 соат қолди», – дея ёзди у Truth Social ижтимоий тармоғида.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид