Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина дрон ҳужумлари сони бўйича биринчи марта Россияни ортда қолдирди – ОАВ
Март ойида Украина кенг кўламли босқин бошланганидан бери биринчи марта Россия ҳудудидаги нишонларга Россия қўшинларига қараганда кўпроқ ҳужумчи дронларни учирди.
Фото: Getty images
ABC телеканали Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Россия Мудофаа вазирлигининг кунлик маълумотларини таҳлил қилиб, шундай хулосага келди.
Россия ҳарбий статистикасига кўра, март ойида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан Украинанинг 7347 та учувчисиз учоғи уриб туширилган - кунига ўртача 237 та аппарат. Бу Москва томонидан қайд этилган энг юқори ойлик кўрсаткичдир. Ўз навбатида, Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари худди шу даврда мамлакатга ҳужум қилган 6462 та (ўртача кунига 208 тадан сал кўпроқ) Россия дронлари ҳақида ҳисобот берди. Бундан ташқари, Россия 138 та турли хил ракеталарни қўллаган. Умумий ҳаво ҳужуми воситаларидан Украина ҳаво мудофааси учувчисиз учоқларнинг қарийб 90 фоизини (5833) ва ракеталарнинг деярли 74 фоизини (102) уриб туширган.
Шу билан бирга, март ойида Россия Қуролли кучлари томонидан Украинага учирилган ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратларининг умумий сони рекорд бўлди. Энг йирик зарба 24 мартга тўғри келди, шунда 948 та дрон ва 34 та ракета қайд этилган. Бироқ, ABC таъкидлаганидек, Киевнинг учувчисиз тизимлар ва ракеталарни ўзида ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бера бошлади ва бу соҳадаги кучлар мувозанати аста-секин Украина фойдасига ўзгармоқда.
Президент Володимир Зеленский 2025 йил октябрь ойида Украинанинг дронлар ва ракеталар ишлаб чиқариш салоҳияти келгуси йилда 35 миллиард долларга етишини айтган эди. «Барча қийинчиликларга қарамай, украиналиклар миллий мудофаа учун ўз маҳсулотларини яратмоқда, бу баъзи параметрлар бўйича аллақачон дунёдаги бошқа кўплаб маҳсулотлардан устундир», деди у.
Украина Мудофаа вазирлиги март ойида Мудофаа кучлари Россиянинг 151 мингдан ортиқ нишонига зарба берганини маълум қилди. Вазирликнинг қайд этишича, ушбу кўрсаткичлар ортида ҳарбийларнинг тизимли иши, мавжуд ечимларни такомиллаштириш ва янги технологияларни жорий этиш ётади. Украина Қуролли Кучлари Россиянинг Shahed ва Gerber каби ҳужумчи учувчисиз учоқларини тобора самаралироқ йўқ қилаётган тўхтатувчи дронларнинг самарадорлиги ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, Украина Россия энергетика инфратузилмасига, жумладан, нефть экспортининг катта қисми ўтадиган Уст-Луга ва Приморск Болтиқ денгизи портларига бир қатор зарбалар берди. Сунъий йўлдош тасвирлари ўнлаб ёқилғи сақлаш резервуарлари шикастланганини тасдиқлади, бу трейдерларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россияни таъминотни қисқартиришга мажбур қилади ва қазиб олишнинг пасайишига олиб келиши мумкин, деб ёзди Reuters. Финляндиянинг Энергетика ва тоза ҳаво тадқиқотлари маркази (SREA) маълумотларига кўра, Уст-Луга ва Приморск биргаликда Россия умумий нефть экспортининг қарийб 42 фоизини таъминлайди.