Жаҳон | 09:23
2544
3 дақиқада ўқилади

Трамп иттифоқчиларидан норозилигини билдирди

Эрондаги вазият ривожи мавзусига бағишланган Оқ уй матбуот анжуманида Доналд Трамп Австралия, Япония, Жанубий Корея ва НАТО ташкилоти АҚШ ҳамда Исроилга урушда ёрдам бермаганидан норози бўлди.

Фото: Alex Brandon/AP

АҚШ президенти Доналд Трамп душанба, 6 апрел куни кечқурун Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида Австралия, Япония, Жанубий Корея ва, яна бир бор, НАТОни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида ёрдам кўрсатмагани учун танқид қилди.

“Япония бизга ёрдам бермади, Австралия бизга ёрдам бермади, Жанубий Корея бизга ёрдам бермади, кейин НАТО ҳам бизга ёрдам бермади”, — дея шикоят қилди Америка давлати раҳбари.

Шу билан бирга, у АҚШ ушбу давлатларга ўз томонидан кўрсатаётган ҳарбий ёрдамни эслатди. “Бизда Японияда 50 000 аскар бор — уларни Шимолий Кореядан ҳимоя қилиш учун, Жанубий Кореяда эса 45 000 аскаримиз бор — уларни Ким Чен Индан ҳимоя қилиш учун”, — деди у.

Айни пайтда Трамп Форс кўрфази минтақасидаги бир қатор давлатларнинг ҳаракатларини мақтади, бироқ уларнинг бу жараёндаги иштироки можаро ҳудудига географик жиҳатдан яқин экани билан боғлиқлигини ҳам тан олди. “Саудия Арабистони жуда яхши иш қилди, Қатар жуда яхши иш қилди, БАА жуда яхши иш қилди, Баҳрайн, Кувайт”, — деб таъкидлади АҚШ президенти.

Матбуот анжуманида Доналд Трамп АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушини якунлаш бўйича исталган таклифнинг бир қисми сифатида Ислом Республикаси томонидан Ҳўрмуз бўғози блокадасини бекор қилиш ҳам бўлиши кераклигини таъкидлади. У бу қадамни “жуда катта устувор вазифа” деб атади.

Бундан аввал, 1 апрел куни Доналд Трамп Британиянинг The Telegraph нашрига берган интервюсида, Вашингтоннинг Шимолий Атлантика алянсидаги иттифоқчилари АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида қўллаб-қувватлашдан бош тортгани сабабли, мамлакатининг НАТО аъзолигини тугатиш масаласини “жиддий ўйлаб кўраётгани”ни айтган эди.

Ўша суҳбатда у Ҳўрмуз бўғози блокадасини олиб ташлаш бўйича операцияда Украина ҳам иштирок этиши керак эди, деган фикрни билдирган. “Автоматик тарзда уларнинг (АҚШ иттифоқчиларининг — таҳр.) ўзи у ерда йўқ эди, жумладан Украина ҳам. Украина бизнинг муаммо эмас эди. Бу синов эди, биз уларга ёрдам бердик ва ҳар доим ёрдам берган бўлар эдик. Аммо улар бизга ёрдам бермади”, — дея норозилик билдирди АҚШ президенти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид