Жаҳон | 21:40 / 08.04.2026
3292
7 дақиқада ўқилади

Эронда уриб туширилган самолётлар: тасодифми ё яширин миссия?

АҚШ самолётлари Эронда уриб туширилгач, америкалик учувчини қутқариш операциясига зарурат туғилди. Айрим талқинларга кўра, бу операция нафақат полковникни қутқаришга, балки бойитилган уран захираларини излашга ҳам қаратилган бўлиши мумкин.

Бу ҳақда Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунос Умрбек Юсупов сўз юритди.

1,5 соатга яқин давом этган матбуот анжуманининг асосий қисмида қутқарув операцияси худди Голливуд филмларидаги сценарий каби батафсил тушунтирилди. Унда АҚШ президенти Доналд Трамп, мудофаа вазири Пит Ҳегсет каби юқори лавозимли иштирокчилар қатнашиб, бир-бирини мақтаб, операциянинг қандай амалга оширилгани ҳақида гапириб берди. Журналистнинг: “Операцияда неча киши қатнашди?” деган саволига, аслида бу маълумот махфий бўлиши кераклигини айтишиб, “юзлаб одам” иштирок этганини очиқлашди. Шунингдек, бир нечта самолёт ва ҳарбий вертолётлар қўниб, қайта ҳавога кўтарилгани ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Бироқ Ғарбдаги айрим таҳлилчилар ва ҳарбий экспертлар фикрича, бу жараён фонида бойитилган уранни излаш операцияси ҳам яширин тарзда олиб борилган бўлиши мумкин. Бунга сабаб сифатида МАГАТЭ маълумотлари келтирилади.

Унга кўра, Кирмоншоҳ ва Исфаҳон оралиғидаги тоғли ҳудудларда бойитилган уран яширилган бўлиш эҳтимоли юқори, ҳатто тахминан 70 фоизи айнан шу ҳудудда экани айтилган. Қизиқ жиҳати шундаки, сўнгги 20 йил давомида ҳалокатга учрамаган АҚШнинг F-15 ва А-10 самолётлари айнан шу ҳудудда уриб туширилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Шу билан бирга, бири ҳарбий қуруқликдан, яна бири сув орқали қутқарилгани айтилади.

Маълумотларга кўра, қутқарилган ҳарбий юқори лавозимли зобит бўлиб, ёнида тўппончаси бўлган. Уни қутқариш жараёни ситуацион марказ орқали кузатиб борилган. Баъзи тахминларга кўра, бу қутқарув операцияси аслида бошқа мақсад, яъни яширилган уранни аниқлаш билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бу фикрни айрим экспертлар илгари сурмоқда.

Яна бир жиҳат – операция давомида бир неча бор қўниш амалга оширилгани, ҳар сафар тахминан 15 дақиқа вақт ажратилгани айтилади. Бу эса ҳудудни радиолокация орқали ўрганиш имконини берган бўлиши мумкин. Албатта, бу фақат тахмин. Лекин айрим ҳарбий экспертлар бундай эҳтимолни инкор этмаяпти.

Бундан ташқари, Марказий разведка бошқармаси вакили чиқиш қилиб, операция давомида атайлаб дезинформация тарқатилганини тан олди. Яъни зобит аллақачон қутқарилгани ҳақида ёлғон хабарлар берилиб, душманни чалғитиш мақсад қилинган.

Шу ўринда савол туғилади: агар улар бир масалада ёлғон маълумот тарқатган бўлса, бошқа маълумотларнинг ҳам тўғрилигига қандай ишониш мумкин?

Бу каби ҳолатларни одатда йирик разведка хизматлари, масалан, Россия ёки Хитой разведкаси тезда аниқлаши мумкин. Аммо оддий жамоатчилик учун бу маълумотларни текшириш деярли имконсиз. Айрим экспертлар фикрича, агар бойитилган ураннинг ҳатто кичик бир қисми қўлга киритилган бўлса ҳам, бу АҚШ учун муҳим ютуқ сифатида кўрсатилиши мумкин.

АҚШ ва Эронга тақдим этилган “Исломобод пакти” ҳақида нималар маълум?

Бу саволга дастур давомида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов жавоб берди.

— Дастлаб Эрон Покистон орқали олиб борилаётган музокараларни расман тан олмади. Яъни бу жараённи расмийлаштиришни истамади ва шу орқали АҚШга нисбатан сиёсий босим ўтказишга ҳаракат қилди. Бу билан Эрон: “Сен музокара қилишни хоҳлайсан, лекин бу менга зарур эмас. Уруш қанча чўзилса, сенга шунча қийин бўлади”, деган сигнални бермоқчи бўлди.

Бироқ кейинги кунларда Эрон Покистондаги музокаралар мавжудлигини тан олди. Шу билан бирга, бу жараённи “музокара” деб эмас, балки “мулоқот” ёки “ахборот алмашинуви” деб атаб, унинг мақомини пасайтиришга уринмоқда.

Бу ерда Покистон армияси раҳбари генерал Асим Мунирнинг роли муҳим. У Доналд Трамп билан шахсий алоқаларга эга экани айтилади. Маълумки, Покистон минтақадаги энг муҳим ҳарбий кучлардан бири бўлиб, мусулмон давлатлари орасида ядро қуролига эга ягона қудрат. Бундан ташқари, бу мамлакатда ҳарбийларнинг сиёсий таъсири жуда катта. АҚШ томони Покистондан Эрон билан музокараларда воситачилик қилишни сўраган. Чунки Эрон ва Покистон қўшни давлатлар ҳисобланади ва ўзаро алоқалари нисбатан яхши.

Аввалроқ бу ролни Уммон бажарган эди. Урушгача бўлган даврда айнан Уммон асосий воситачи бўлган. Аммо кейинчалик Уммон АҚШга нисбатан ишончсизлик билдирган ва музокаралар жараёнидан чиққан. Шундан сўнг воситачилик жараёни Покистонга ўтди. Ҳозирда икки босқичли сулҳ режаси муҳокама қилинмоқда. Биринчи босқич 45 кунлик вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш, шу давр ичида асосий келишувга эришиш.

Аммо Эрон бу ёндашувга рози эмас. Унга кўра, аввал тўлиқ келишув бўлиши керак, фақат шундан кейингина уруш тўхтатилади. Томонларнинг позициялари ҳозирча бир-биридан анча узоқ. Эрон қуйидаги талабларни илгари сурмоқда: АҚШ минтақадаги ҳарбий базаларини олиб чиқиб кетиши, етказилган зарарлар учун товон тўлаши, ракета дастури муҳокама қилинмаслиги, тинч мақсаддаги атом энергетикасига тўлиқ рухсат берилиши, барча санкциялар бекор қилиниши ва музлатилган маблағлар қайтарилиши керак.

АҚШ эса атом дастури бўйича муросали вариант таклиф қилмоқда: яъни тинч атом энергетикасини ривожлантириш мумкин, аммо у МАГАТЭ ва АҚШ назорати остида бўлиши керак. Эрон ҳозирча бу шартларга рози эмас. Энг мураккаб масала – АҚШнинг ҳарбий базаларини олиб чиқиш талаби. Бу АҚШ учун стратегик ва сиёсий жиҳатдан жуда оғир ҳисобланади, чунки бу минтақадаги таъсирининг кескин камайишини англатади.

Минтақадаги бошқа давлатлар ҳам вазиятни диққат билан кузатмоқда. Чунки агар АҚШнинг роли пасайса, Эроннинг таъсири ортиши мумкин. Ҳозирча кучлар мувозанати қандай шаклланиши аниқ эмас, чунки можаро ҳали тўлиқ якунлангани йўқ. Келажакдаги дипломатик жараёнлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид