Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронликлар узоқ шатдаундан кейин интернетга киришди. Буни улар қандай қарши олишди?
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
26 май куни NetBlocks мониторинг ташкилоти Эронда интернетга кириш тикланганини қайд этди. Мамлакат глобал тармоқдан 88 кун ёки 2093 соат мобайнида узилган ҳолатда қолди. Бу Эрондаги илк шатдаун бўлмади, аммо, NetBlocks баҳоларига кўра, бу замонавий тарихдаги энг узоқ давом этган миллий шатдаун бўлди.

Эронда интернет ўчирилиши 2026 йил 8 январда – ҳукуматга қарши кенг кўламли норозилик намойишлари фонида бошланганди. Бир неча ҳафта ўтиб интернетга кириш қисман тикланди, аммо 28 феврал куни, АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳужум бошлагач, интернетга кириш яна тўлиқ блокланди.
Тахминларга кўра, Эрон ҳукуматини интернетни қайтаришга мажбур қилган асосий сабаблардан бири уруш туфайли заифлашган иқтисодий муаммолардир. Эрон Савдо-саноат палатаси вакили Афшин Колаҳий апрел ойида шатдаундан кўрилган зарар кунига 70-80 миллион долларга етганини айтганди. Эрон алоқа вазири Саттор Ҳошимийнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг 90 миллион аҳолисидан 10 миллионга яқинининг иши интернет билан боғлиқ.
Шатдаун ижтимоий тармоқлар орқали сотувга таянган йирик бизнесларни ҳам барбод қилди. Интернетга чекловларни айланиб ўтиш жуда қийин эди: Starlink сунъий йўлдош интернети терминаллари аввалбошдан қийин матоҳ эди, эронликлар аввалдан оммавий равишда фойдаланиб келган VPN-сервисларга кириш ҳам кескин қимматлашиб кетди. Бундан ташқари, VPN учун ҳам, Starlink учун ҳам ҳибсга олишлари мумкин эди.
Интернетнинг қисман қайтишини (баъзи ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ҳали ҳам очилмаяпти, фойдаланувчиларнинг бир қисми эса офлайн) эронликлар турлича қабул қилишди. Кўпчилик енгил тортган. Эронликлардан бири BBC мухбирига шундай деди: «Бу уч ойлик қамоқдан сўнг озодликка чиққандек бўлди. Сайтни очиб, юкланганини кўрганимда, бахтдан осмонга учиб кетгудек бўлдим. Telegram ва WhatsApp орқали яна хабар юбора олишимни тушунганимдаги туйғуни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Ҳатто ҳозир ҳам бахтиёрлигимдан кўзларимга ёш келяпти».
«Мен сигарет тутатдим, SoundCloud’ни ёқдим ва ўзимизнинг севимли мусиқамизни қўйдим. Биз Али [турмуш ўртоғи] билан кўз ёшларимизни тийиб турдик, аммо кейин барибир йиғлаб юбордик ва ўзимизни бу фақат режим қулагандан кейин келадиган эркинлик ҳисси деб ишонтира бошладик... Ва биз бунга ҳақиқатан ҳам ишонамиз», – дейди Теҳрондан бўлган рассом аёл анонимлик шарти билан The Guardian нашрига.
Бошқаларнинг реакцияси эса алам билан йўғрилган эди. «Ғарб оммавий ахборот воситалари Эронда интернет қисман тикланишини гўё бу режимни мақташга арзийдиган қандайдир ютуқдек нишонлаётганини кўриш кулгили. Интернет бизнинг асосий ҳуқуқимиз», – дейди Эрон пойтахтида яшовчи фотограф. Унинг сўзларига кўра, шатдаун туфайли у олти ҳафта ишламаган, ота-онасидан қарз олишга мажбур бўлган ва ҳозир ҳам мобил интернетга нормал кириш имкониятига эга эмас: «Осонлашган ягона нарса – VPN’га уланиш, шу холос».
«Менда кўришлар ва реакциялар сони кескин тушиб кетди. Алгоритмлар мени кўрсатишни шунчаки тўхтатди», – дея шикоят қилади Associated Press’га исфаҳонлик геймер ва блогер. Ўзининг айтишича, у YouTube ва Instagram’даги аудиториясининг катта қисмини йўқотган, баъзи ҳамкасблари эса шатдаун даврида тирикчилик қилиш учун, техникаларини сотиб, бошқа иш топишга мажбур бўлган.
Эронда яшовчиларнинг кўпчилиги учун интернетга қайтиш яна шунинг учун ҳам шокка туширувчи ҳолат бўлдики, улар уруш туфайли рўй берган вайронгарчиликларнинг фотосуратлари ва видеоларини, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг дафн маросимидан олинган кадрларни эндигина кўришди.
«Ижтимоий тармоқларимда дафн маросимлари акс этган видеолар тўлиб ётибди: оналар йиғлаяпти, оталар додлаяпти, болалар ота-оналарининг қабри устида ётибди. Кўнглим аввалгидан ғашроқ. Бу урушда асосий мағлублар бизмиз. АҚШ ҳам, Исроил ҳам, ҳатто Ислом Республикаси ҳам эмас. Биз тирикчилик манбаларимизни, ёшларимизни ва халқаро ҳамжамиятга бўлган ишончимизни йўқотдик», – дея тан олади Теҳронда яшовчи ўқитувчи The Guardian билан суҳбатда. «Тармоққа озодлигимиз эмас, қайғуларимиз қайтди», – дея қўшимча қилди у.
Айрим эронликлар аччиқ ҳазил қилишга ўзларида куч топади. Улардан бири эронликларга ёрдам ва озодлик ваъда қилган Доналд Трамп ҳақида шундай дейди: «Эрон режими пиар-урушда яққол ғалабага эришди, чунки ҳатто уни ёмон кўрадиганлар ҳам энди Трампдан ғазабланмоқда». Бошқалари эса ўз келажаги ҳақида: «Салом, маҳбус биродарлар. Мен ўзимни қамоқхонадан вақтинчалик таътилга чиққандек ҳис қиляпман».
Дарҳақиқат, АҚШ ва Исроил билан уруш натижасида янада радикаллашган Эрон режими интернетни бундан кейин ҳам блоклашдан воз кечиши даргумон. Аксинча, ОАВ хабарларига кўра, Теҳрондагилар, ҳозирча бунинг учун етарли технологик қувватга эга бўлмаса-да, истиқболда миллий шатдаунлардан Хитой намунасидаги рақамли назорат тизимига ўтишга интилмоқда.
Мавзуга оид
21:07
Трамп Эроннинг бойитилган урани йўқ қилинишини айтди
18:59
АҚШ ва Эрон келишувга яқин. Воситачилар муҳокама қилаётган 5 муҳим масала тафсилотлари
12:19
“Эрон Ливиянинг куни бошига тушишидан қочяпти” — сиёсатшунос
21:33 / 28.05.2026