Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия ва Хитой Ҳўрмуз бўғози бўйича БМТ резолюциясини тўсди
Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови эркинлигини ҳимоя қилиш зарурати ҳақида сўз борган Баҳрайн резолюцияси БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги овоз беришда Россия ва Хитой ветоси сабаб қабул қилинмай қолди. Улар ўз ҳужжат лойиҳасини таклиф қилишга ваъда берди.
Фото: ООН/Эскиндер Дебебе
Баҳрайн таклиф этган Ҳўрмуз бўғозидаги вазият ҳақидаги резолюция БМТ Хавфсизлик Кенгашида Россия ва Хитой ветоси туфайли қабул қилинмади. Бу ҳақда БМТ сайтида 7 апрел, сешанба куни хабар берилди. Маълум қилинишича, ҳужжатни 11 давлат қўллаб-қувватлаган, Покистон ва Колумбия эса бетараф қолган.
“Резолюция лойиҳасида Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови эркинлигини ҳимоя қилиш, шунингдек, халқаро денгиз қатновига тўсқинлик қилиш уринишларини жиловлаш мақсадида савдо ва тижорат кемаларини кузатиб боришни ҳам ўз ичига олган мувофиқлаштирилган ‘мудофаа хусусиятига эга саъй-ҳаракатлар’ни рағбатлантириш зарурлиги айтилган”, — дейилади БМТ пресс-релизида.
Россиянинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили Василий Небензя сўзларига кўра, Москва “халқаро ҳуқуқ, халқаро денгиз ҳуқуқи, ҳар қандай тинчлик саъй-ҳаракатлари ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгаши нуфузи учун хавфли прецедент яратадиган матнни қўллаб-қувватлай олмас эди”. Москва яқин орада Пекин билан биргаликда “муқобил резолюция лойиҳаси”ни тақдим этишини билдирган.
Хитойнинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили Фу Цун эса Баҳрайннинг Ҳўрмуз бўғози бўйича резолюцияси “бир томонлама қораловни ўз ичига олгани ва босим ўтказишга уриниш” эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, АҚШнинг “цивилизацияни йўқ қилиш” ҳақидаги таҳдидлари фонида бундай резолюциянинг қабул қилиниши сохта сигнал бўлар эди.
Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдулатиф бин Рашид Ал-Заёний лойиҳа қабул қилинмаганидан афсус билдирди.
“Ушбу резолюциянинг қабул қилинмаслиги дунё халқларига нотўғри сигнал юборади. Яъни халқаро сув йўлларига таҳдидлар халқаро ҳамжамият томонидан қатъий чоралар кўрилмасдан жазосиз қолиши мумкинлиги ҳақидаги сигнални беради”, — деди у.
Дипломатнинг айтишича, резолюция лойиҳасида Эронни ўз халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажаришга ва қўшни мамлакатларга ҳужумларни тўхтатишга чақириқ ҳам бўлган.
АҚШнинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили Майк Уолц Вашингтон Форс кўрфази мамлакатларини қўллаб-қувватлашини, Хитой ва Россия эса “Форс кўрфази давлатларини қўрқитиш ва уларни бўйсундиришга уринаётган режим томонини олганини” билдирди.
Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини блокада қилиши оқибатида жаҳон бозорига чиқадиган нефт ҳажми амалда 20 фоизга қисқарди. Доналд Трамп Теҳрондан блокадани бекор қилишни талаб қилди, акс ҳолда Эрон инфратузилмасининг асосий объектларини йўқ қилишини ваъда қилди. У белгилаган муддат 8 апрелга ўтар кечаси тугаши керак эди.
“Бугун кечқурун бутун бир цивилизация ҳалок бўлади ва уни ортга қайтариб бўлмайди. Мен бунинг содир бўлишини истамайман, аммо эҳтимол, шундай бўлади”, — деб ёзганди Трамп 7 апрел куни Truth Social тармоғида.
“Бироқ, режим тўлиқ ва батамом алмашгани ва энди унда бошқача — ақллироқ ва камроқ радикал фикрлар устунлик қилаётгани учун, эҳтимол, инқилобий ва гўзал бирор нарса ҳам юз бериши мумкин. Ким билади?” — дея қўшимча қилди у.