Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейини бориб кўрди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Амир Темур таваллуд топганининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейини бориб кўрди. Давлат раҳбари аҳолини музейларга маҳаллабай тарзда олиб келиб, тарих ҳақидаги билимларни ошириш лозимлигини қайд этди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топганининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида жорий йил 5 феврал куни президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, ҳар йили апрел ойи «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади.
Қарор ижроси доирасида дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда Темурийлар тарихи давлат музейи биноси реконструкция қилинди, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Рақамлаштириш орқали имкониятлари кенгайтирилиб, экспозициялари янгиланди, жумладан, хориждаги тўпламлардан харид қилинган экспонатлар билан бойитилди.

Жумладан, музейнинг биринчи қаватида «Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси» бўлими ташкил этилди. Иккинчи қаватда эса сунъий интеллект ва «ақлли» технологиялар асосида Амир Темур даври ва темурийлар ҳақида интерактив экспозициялар жойлашган. Шунингдек, 3D форматдаги экспонатлар ҳамда хариталар намойиш қилинган.



Давлат раҳбари Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозицияси ва ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берди.



«Дунё ҳавас қилгулик тарихимиз, меросимиз бор. Соҳибқирон тарихини жамлаган музей замонга муносиб янги қиёфага келгани яхши бўлди. Энди буни аҳолимизга, ёшларга, хорижлик меҳмонларга етказиш энг катта вазифамиз. Янги Ўзбекистонни юксалтириш учун керакли билимларни қаердан олиш мумкин десангиз, буларнинг барчаси – аждодларимиз қолдирган меросда, илмда. Шу боис, ёшларимизни, нуронийларни, умуман, аҳолимизни маҳаллабай тарзда музейларга олиб келиб, буюк тарихимиз ҳақидаги билимларини оширишимиз лозим», – деди давлат раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев ташриф асносида Темурийлар тарихи давлат музейининг меҳмонлар китобига дастхат қолдирди.

