Жаҳон | 08:26
1784
4 дақиқада ўқилади

Вэнс: Ливан Эрон билан келишув доирасига кирмаган

Эрон Исроилнинг Ливанга берган зарбаларидан сўнг яна Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ўтишини тақиқлади. Вашингтон эса Теҳрон билан келишувларда бу ҳужумларни тўхтатиш ҳақида гап бўлмаганини таъкидламоқда.

Фото: Jonathan Ernst/Pool Reuters/AP

АҚШ Эрон билан ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилар экан, Теҳронга Исроилнинг Ливан ҳудудига ҳужумларини тўхтатиш бўйича ҳеч қандай ваъда бермаган. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид (Жей Ди) Вэнс 8 апрел, чоршанба куни Будапештда журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.

«Менимча, бу ерда анча асосли тушунмовчилик юз берган, — деб Вэнснинг сўзларини келтиради The Hill нашри. — Эронликлар ўт очишни тўхтатиш келишуви Ливанни ҳам ўз ичига олади, деб ўйлаган, аммо бу ундай эмас. Биз ҳеч қачон бундай ваъда бермаганмиз».

Вице-президентнинг сўзларига кўра, Исроил айни пайтда музокаралар муваффақиятли якунланишини кафолатлаш учун Ливанда «маълум даражада ўзини тийиш»ни амалда таклиф қилган.

Вэнснинг баёноти Исроилнинг Ливанга қарши уруш бошланганидан бери энг йирик ҳужумлардан бири ҳақидаги хабарлардан кейин янгради. Бу зарбалар АҚШ президенти Доналд Трамп эълон қилган, Эрон билан эришилган икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирган илк сутканинг ўзидаёқ амалга оширилган.

Теҳрон ушбу ҳужумларга жавобан Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ўтишини яна амалда тўсиб қўйди, деб ёзади Эрон давлат ахборот агентлиги Fars. ОАВ маълумотларига кўра, сулҳнинг бир неча соати давомида бўғоз орқали атиги икки нефт танкери ўтган, холос. Умуман олганда эса Эрон бўғоз орқали кунига ўнтадан кема ўтказишни режалаштирган ва улардан тўлов олишни кўзлаган.

Дунёда нефт ташиш учун энг муҳим йўллардан бири ҳисобланган ушбу бўғоз орқали қатновни қайта тиклаш Трампнинг сўнгги ҳафталарда Эронга қўйган асосий талабларидан бири бўлган эди. Мутахассислар таъкидлашича, Эрон ҳарбий ҳаракатларга жавобан бўғозни ёпиб қўйгач, нефт нархлари ошиб кетгани сабабли АҚШ президенти мураккаб вазиятда қолган.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатдаги объектларга берилган оммавий зарбалар оқибатида камида 182 киши ҳалок бўлган, тахминан 900 киши эса жароҳатланган.

Ливан бош вазири Навоф Саломнинг баёнотига кўра, ҳужумлар зич аҳоли яшайдиган турар жой ҳудудларига ҳам тегган ва бир нечта минтақада, айниқса Байрутда, қуролсиз тинч аҳоли вакилларининг ўлимига сабаб бўлган.

Исроил армияси вакили ҳужумни тасдиқлаб, зарбалар Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига тегишли 100 дан ортиқ қўмондонлик марказлари ва ҳарбий базаларга берилганини маълум қилди. Ўз навбатида, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац видеомурожаатида буни 2024 йил сентябридан бери «Ҳизбуллоҳ»га қарши энг кенг кўламли зарба деб атади.

Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» позицияларига ҳужумларини тўхтатиши Эрон томонидан минтақада ўт очишни тўхтатиш учун қўйилган шартлардан бири эди. Бироқ АҚШ ҳақиқатан ҳам ушбу бандга рози эканини расман тасдиқламаган. Жумладан, Доналд Трамп сулҳни эълон қилар экан, Эрон таклифларини «музокаралар учун иш бериши мумкин бўлган асос» деб таърифлаган, аммо АҚШ шу бандларнинг барчасига рози эканини айтмаган.

Кейинроқ Эрон ўт очишни тўхтатиш режими амал қилишини давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаслигини билдирди. Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибофнинг сўзларига кўра, Эроннинг урушни якунлаш бўйича режасидаги ўнта банддан учтаси бир сутка ҳам ўтмай бузилган. Теҳрон булар қаторига Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ»га қарши зарбаларидан ташқари, мамлакат ҳудуди устида аниқланган учувчисиз учиш аппаратини, шунингдек, рақиблар томонидан Эрон ядровий дастурига қарши курашни давом эттириш ҳақидаги баёнотларни ҳам киритган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид