Ўзбекистон | 08:38
837
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ўзбекистонликлар учун мавсумий иш визалари имконияти кўриб чиқилмоқда

Ўзбекистон делегацияси АҚШга амалга оширган ташрифи доирасида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, ўзбекистонлик фуқароларнинг H-2A мавсумий иш визалари дастурида иштирок этиши имкониятлари муҳокама қилинди.

Фото: "Дунё" АА

“Дунё” АА хабар беришича, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миграция агентлиги вакилларидан иборат делегация мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонаси ва Ню-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида АҚШнинг тегишли вазирлик ва идораларида қатор конструктив учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, АҚШ Меҳнат вазирлигида бўлиб ўтган музокараларда икки томонлама муносабатларнинг изчил ривожланаётгани ва ўзаро ишончнинг юқори даражаси алоҳида қайд этилди.

Америка томони Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни, шунингдек миграция соҳасидаги самарали ҳамкорликни, жумладан АҚШдан Ўзбекистон фуқароларини ташкил этилган тартибда репатриация қилиш амалиётини юқори баҳолади.

Музокаралар чоғида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари, хусусан, Ўзбекистоннинг H-2A мавсумий ишчи визалари дастурида иштирок этиши масаласи атрофлича кўриб чиқилди.

Шунингдек, делегация АҚШ Давлат департаментида ҳам учрашувлар ўтказиб, икки томонлама муносабатларнинг барқарор ижобий динамикаси ва сиёсий мулоқотнинг юқори даражасини қайд этди. Ўзбекистоннинг АҚШ учун стратегик аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Томонлар сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишларда қўшма ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича ахборот алмашинувини давом эттириш юзасидан келишувга эришди.

Вашингтон шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида АҚШ Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иш берувчилар миллий кенгаши (NCAE) вакиллари билан учрашув ҳам бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, делегация Филаделфия ва Ню-Йорк шаҳарларида ўтказилган иш берувчилар ва ватандошлар форумида иштирок этди. Ушбу тадбирлар доирасида ўзбекистонлик меҳнат ресурсларини жалб этиш истиқболлари, ёшлар ўртасида маданий-маърифий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва миллий қадриятларни тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид