Исроил Ливанга қарши оммавий зарбалар беришда давом этмоқда. Исроил армияси вакили 8 апрел, чоршанба куни маълум қилишича, ўн дақиқа ичида Ливан пойтахти Байрутда, шунингдек мамлакатнинг шарқий ва жанубий ҳудудларида Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига тегишли 100 дан ортиқ қўмондонлик марказлари ва ҳарбий базаларга зарба берилган. Ҳужумда қарийб 50 та Исроил қирувчи самолёти иштирок этган.
Ливан хавфсизлик хизматларидаги манбалар 150 дан ортиқ зарба ҳақида хабар берди, уларнинг кўпчилиги Байрутда қайд этилган. Исроил армияси маълумотига кўра, ҳужум нишонига айланган «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмасининг катта қисми турар жой ҳудудларида жойлашган бўлган. Исроил армияси матбуот котиби Надав Шошанининг айтишича, «Ҳизбуллоҳ» энди Ливаннинг илгари унинг таянч ҳудудлари ҳисобланмаган жойларида ҳам ҳаракат қилмоқда.
Ўз навбатида, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац видеомурожаатида буни 2024 йил сентябридан бери «Ҳизбуллоҳ»га қарши энг оммавий зарба деб атади. Ўшанда Ливанда бир вақтнинг ўзида минглаб пейжер ва рациялар портлаган, оқибатда ўнлаб одам ҳалок бўлган ва минглаб кишилар яраланган эди. Қурбонларнинг аксарияти гуруҳ аъзолари бўлган.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, камида 89 киши ҳалок бўлган, 700 дан ортиқ одам жароҳат олган, одамлар ҳали ҳам вайроналар остида қолмоқда. Ливан Қизил Хоч жамияти 100 дан ортиқ тез ёрдам машинаси йўлларда яраланганларни шифохоналарга олиб кетаётганини маълум қилди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги йирик тирбандликлар туфайли фуқароларни тез ёрдам машиналари учун йўлларни бўшатишга чақирди.
Ливан бош вазири Навоф Салом Исроил ҳужумлари аҳоли зич яшайдиган турар жойларга ҳам теккани ва бир нечта ҳудудда, айниқса Байрутда қуролсиз тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлганини билдирди.
Ливанга зарбалар АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши доирасида жорий этилган икки ҳафталик ўт очишни тўхтатишга қарамай амалга оширилмоқда. Исроил ҳукумати сулҳни қўллаб-қувватлашини, аммо бу келишув Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»га қарши курашга тааллуқли эмаслигини маълум қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Эрон урушидаги сулҳ Ливанга татбиқ этилмаслиги ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
«Биз Ливандаги вазиятни ўзгартириш ва шимол аҳолисига таҳдидни бартараф этиш учун Эрон ва Ливандаги ҳарбий ҳаракатлар майдонларини ажратиб кўришда қатъий турдик», — деди мудофаа вазири Кац. «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Наим Қосим ҳақида гапирар экан, Кац Исроил уни «Эронни қўллаб-қувватлаб Исроилга ҳужум қилгани учун “Ҳизбуллоҳ” жуда юқори бадал тўлашидан» огоҳлантирганини қўшимча қилди.

















