Жаҳон | 22:27 / 10.04.2026
4101
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон билан музокаралар натижасини 24 соатдан кейин эълон қилади

Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, АҚШ музокаралар муваффақиятсизликка учраган тақдирда кемаларни янги ўқ-дорилар билан тўлдиради.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралар қанчалик муваффақиятли бўлганини 24 соатдан сўнг билиб олади. Бу ҳақда Америка президенти The New York Post нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Трампнинг таъкидлашича, АҚШ музокаралар муваффақиятсизликка учраган тақдирда кемаларни янги ўқ-дорилар билан тўлдиради.

«Биз қайта бошлаймиз. Биз кемаларни энг яхши ўқ-дорилар, ҳозиргача яратилган энг яхши қуроллар билан тўлдиряпмиз», деди у.

Эрон Ҳурмуз бўғозидан ўтиш учун дунё мамлакатларига қарши «қисқа муддатли товламачилик» билан шуғулланяпти, унинг бошқа имкониятлари йўқ, деди АҚШ президенти.

«Уларнинг бугун тирик бўлишининг ягона сабаби - музокаралар олиб бориш!», деб қўшимча қилди у.

7 апрель куни АҚШ президенти Эрон билан узоқ муддатли келишув тузиш учун икки ҳафталик сулҳ эълон қилди. Эрон расмийлари музокаралар 10 апрель куни Покистон пойтахтида бўлиб ўтишини маълум қилди. Америка томонидан мулоқотларда АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Стив Уиткофф, шунингдек, Трампнинг куёви, тадбиркор Жаред Кушнер иштирок этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид