Ўзбекистон | 10:19
1085
3 дақиқада ўқилади

Тоғли ҳудудларда сел хавфи эълон қилинди

14–17 апрел кунлари кутилаётган ёмғирлар сабабли Ўзбекистоннинг қатор тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкин. Мутахассислар аҳоли, дам олувчилар ва ҳайдовчиларни эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.

Фото: Kun.uz 

Ўзгидромет томонидан тақдим этилган тезкор гидрометеорологик ахборотга кўра, жорий йилнинг 14–17 апрел кунлари республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғиши кутилмоқда. Шу муносабат билан тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқинлари юзага келиш хавфи борлиги ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.

Маълум қилинишича, хавф асосан Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг тоғолди ва тоғли туманларида сақланиб турибди.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ва Музработ туманларида сел келиши эҳтимоли бор.

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой ва Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманларида ҳам хавфли вазият кузатилиши мумкин.

Жиззах вилоятида Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманлари, Тошкент вилоятида эса Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманлари ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари хавф юқори бўлган ҳудудлар қаторидан ўрин олган.

Бундан ташқари, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманларида, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида ҳам сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкинлиги билдирилди.

Мутахассислар кучли ёғингарчилик оқибатида нафақат тоғли ҳудудларда сел келиши, балки республиканинг айрим жойларида ёмғир сувлари тўпланиб, ҳудудларни сув босиши эҳтимоли ҳам борлигини таъкидламоқда.

Шу муносабат билан тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олиш учун ушбу масканларга борганлар, шунингдек, тоғ йўлларида ҳаракатланаётган ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кучайтириш сўралди. Зарур ҳолатларда хавфсиз йўналишларни танлаш, об-ҳаво ҳақидаги расмий ахборотларни кузатиб бориш ва фавқулодда ҳолатлар юзага келганда тегишли хизматлар кўрсатмаларига амал қилиш тавсия этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид