Жаҳон | 08:35 / 14.04.2026
2957
2 дақиқада ўқилади

Испанияда бош вазир рафиқаси коррупция иши бўйича айбланмоқда

Икки йиллик терговдан сўнг Испания бош вазирининг рафиқасига таъсир доирасидан фойдаланиш ва маблағларни ўзлаштириш бўйича айбловлар қўйилди. Бегоня Гомес ва Педро Санчес айбларни рад этмоқда.

Фото: Diego Radames/Anadolu

Испания бош вазири Педро Санчеснинг рафиқаси Бегоня Гомесга икки йиллик терговдан кейин коррупция билан боғлиқ айбловлар қўйилди. Бу ҳақда 13 апрел, душанба куни кечқурун AFP агентлиги хабар берди.

Шу куни эълон қилинган суд ҳужжатига кўра, 55 ёшли Гомес таъсир доирасидан ноқонуний фойдаланиш, бизнесда коррупция, маблағларни ўзлаштириш ва исроф қилишда айбланмоқда. Унга нисбатан тергов 2024 йил апрел ойида судя Хуан Карлос Пейнадо ташаббуси билан бошланган.

Терговчилар диққат марказида Бегоня Гомеснинг шахсий лойиҳаси — Мадриддаги Комплутенсе университетида ташкил этилган “Рақобатбардош ижтимоий трансформация” номли кафедра бўлган. Мутахассислар фикрича, номи ҳам кўпчилик учун тушунарсиз бўлган бундай кафедрани очишга аслида ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаган, уни ташкил этиш учун эса университет раҳбариятига босим ўтказилган. Тергов бошланганидан кейин ушбу кафедра “на илмий, на амалий маънога эга” деб топилиб, ёпилган.

2024 йил октябр ойида тергов янада кенгайтирилган. Бунга ўта ўнг Hazte Oír ташкилоти томонидан бош вазир рафиқасига қарши даъво киритилиб, у Мадриддаги Комплутенсе университетининг дастурий таъминотини ноқонуний ўзлаштиришда гумон қилингани сабаб бўлган.

Гомесга нисбатан яна бир эҳтимолий қоидабузарлик сифатида, давлат маоши оладиган амалдор Кристина Алваресни ўзининг шахсий бизнес лойиҳаларида ёрдамчи сифатида ноқонуний ишлатгани кўрсатилмоқда.

Бегоня Гомес ҳам, унинг турмуш ўртоғи Педро Санчес ҳам ўзларига қўйилган айбловларни рад этмоқда. Санчес бу терговни ўнг қанот мухолифати томонидан унинг ҳукуматини издан чиқаришга қаратилган кампаниянинг бир қисми деб атаган. AFP агентлиги эслатишича, “унинг энг яқин атрофидаги коррупция ҳолатлари сабабли социалист бош вазир кучли босим остида қолмоқда, шу муносабат билан мухолифат унинг истеъфосини талаб қилмоқда”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид