Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский Минскка кескин сигнал йўллади
Украина разведкаси хабарига кўра, Беларусь Украина билан чегара яқинида йўллар қуриш ва артиллерия позицияларини жиҳозлашни бошлаган. Володимир Зеленский Минскни Украинага қарши урушда иштирок этиш оқибатларидан огоҳлантирди ва бу борада Мадурони ҳам тилга олди.
Беларусь Украина билан чегара яқинида йўллар қуриш ва артиллерия позицияларини жиҳозлашни бошлаган. Бу ҳақда 17 апрель, жума куни Украина президенти Володимир Зеленский украин разведкаси маълумотларига таяниб маълум қилди.
«Биз Россия яна бир бор Беларусни ўз урушига тортишга уринмоқда, деб ҳисоблаймиз», — деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.
Унинг айтишича, Беларусь ҳудудидаги ҳарбий фаолликнинг кучайиши Россия қўшинларининг қайта гуруҳлантирилиши билан боғлиқ. Зеленскийга кўра, Россия ҳарбий қўмондонлиги бу орқали шахсий таркиб етишмовчилигини қоплашга уринмоқда.
Володимир Зеленский, шунингдек, тегишли каналлар орқали «Беларуснинг амалдаги раҳбариятини Украина ўз ери ва мустақиллигини ҳимоя қилишга тайёр экани ҳақида огоҳлантириш»ни топширганини билдирди.
«Венесуэладаги сўнгги воқеаларнинг хусусияти ва оқибатлари Беларусь раҳбарияти учун хатоларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирувчи сигнал бўлиши керак», — деди у.
Шу тариқа у АҚШнинг Венесуэладаги ҳарбий операцияси ва шундан кейин Венесуэла президенти Николас Мадуронинг қўлга олинишини назарда тутди.
Беларусь раҳбари Александр Лукашенко 1 апрель куни Қуролли кучларни комплекс текширувдан ўтказиш якунларига бағишланган йиғилишда мамлакат урушга тайёрланаётганини айтган эди.
«Агар кимдир биз билан қурол орқали гаплашмоқчи ва бизга шундай қарамоқчи бўлса, биз жавоб қайтарамиз. Биз шунга тайёргарлик кўряпмиз», — дея Лукашенконинг сўзларини унинг матбуот хизмати келтирган.
Лукашенкога кўра, уруш ҳолатида Беларусь қўшинлар сонини ярим миллион нафаргача етказиши мумкин. Унинг таъкидлашича, Беларусь армиясининг жанговар тайёргарлигини текшириш давомида қўйилган вазифалар даражаси ва уларни бажариш суръати геосиёсий вазиятнинг жиддийлиги, шунингдек, Беларусь чегараларига яқин ҳудудлардаги воқеалар ва таҳдидлар билан изоҳланади.
Александр Лукашенко бундан олдин Беларусга ҳужум қилиниши «учинчи жаҳон урушига кириш қисми» бўлишидан огоҳлантирган эди.
Мавзуга оид
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
20:34 / 19.06.2026
Капотнядаги заводга Россия ракетаси тушгани маълум қилинди
18:17 / 19.06.2026
Соловёв дронлар ҳужумини тасвирга олганларни қамашни талаб қилди
08:58 / 19.06.2026