Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Эрон асимметрик уруш олиб боряпти” — сиёсатшунос
Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик шунчаки ҳарбий можаро эмас, балки глобал миқёсдаги стратегик курашга айланди. Вашингтон тактик устунлик ва иқтисодий босим орқали Эронни енгишни мақсад қилган бўлса, Теҳрон миллий бирдамлик ва асимметрик тактикаларга таяниб, ўз позициясини сақлаб қолишга уринмоқда. Томонларнинг ҳозирги ҳарбий-иқтисодий имкониятлари ва Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида муҳокама қилинди.
АҚШ-Эрон уруши: урушнинг мазкур даврига келиб қайси томон нисбатан устун позицияда?
Бектош Бердиев: Урушнинг асосий фазаси якунланди деб айта олмаймиз. Яқинда эълон қилинган сунъий йўлдош маълумотларига кўра, Америка Қўшма Штатлари ва Яқин Шарқ ўртасидаги транспорт самолётлари қатнови янада фаоллашган. Яъни ҳудудга кўплаб самолётлар келиб-кетмоқда. Айниқса, бу транспорт самолётларидир. Улар асосан қурол-яроғ ёки ҳарбий хизматчиларни ташиши мумкин.
Иккинчи томондан, Доналд Трампнинг баёнотлари ҳам эътиборга лойиқ. Унга кўра, агар Эрон музокараларда қатъий туриб, АҚШ шартларига рози бўлмаса, кескин чоралар кўрилиши мумкин. Трамп ўз чиқишларида турли кескин ибораларни қўллаб, вазиятни жиддийлаштирувчи риторикадан фойдаланмоқда. Бу эса АҚШнинг ҳам осонликча ён бермаслигини англатади.
Ҳарбий ва технологик жиҳатдан АҚШ Эрон билан солиштирганда анча устун, гарчи географик жиҳатдан узоқда жойлашган бўлса ҳам. Шу билан бирга, ҳозирги уруш шароитида аниқ хулоса чиқариш қийин. Баъзи фикрларда Эрон ғалаба қозонди, АҚШ эса мағлуб бўлди, деган қарашлар учрайди. Бироқ бундай хулосаларга ҳали эрта.
Шунингдек, 21–23 апрел кунлари Покистонда режалаштирилаётган учрашувлар қандай натижа бериши ҳозирча очиқ масала бўлиб қолмоқда. Вазият янада кескинлашиши эҳтимоли мавжуд.
Эрон расмий баёнотларига кўра, улар ракета ва дрон кучларини жанговар шай ҳолатда сақламоқда. Шунингдек, эҳтимолий қуруқликдаги ҳарбий амалиётларга ҳам тайёргарлик кўрилаётгани айтилмоқда. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Хитойга тегишли транспорт самолётлари транспондерлари ўчирилган ҳолда Эронга қўнгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бу эса Эроннинг қуролланиш жараёнлари давом этаётганини кўрсатади. Умуман олганда, ҳар икки томон ҳам ҳарбий тайёргарликни сусайтиргани йўқ. Шундан келиб чиқиб, уруш якуний босқичга ўтди деган хулосага келишга ҳали эрта.
Шуҳрат Расул: Америкада Республикачилар партияси ва президент Доналд Трампнинг позициясида ҳам айрим заиф жиҳатлар мавжуд. Энг муҳим омиллардан бири — ноябр ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардир. Бироқ бу сайловларгача ҳали вақт бор. Шу билан бирга, яқинда сенат Трампни қўллаб-қувватлади.
Ҳатто айрим республикачилар унинг позицияси заифлашса, қўллаб-қувватлашдан воз кечишлари мумкинлигини ҳам билдирмоқда. Илгари ҳам конгрессда Трампга қарши чиқишлар кузатилган, айниқса Демократлар партияси бу масалани бир неча бор кўтарган. Қуйи палатадаги вазият ҳозирча ноаниқ бўлса-да, АҚШ сиёсий тизимида Сенат муҳим рол ўйнайди.
Сўнгги овоз беришда 52 сенатор урушни Америка фойдасига якунлаш тарафдори эканини билдирди. Бу фақат республикачилар эмас, балки умумий сенаторлар позициясини ҳам акс эттиради. Улар ушбу можарода АҚШнинг ҳарбий ва сиёсий устунлигини таъминлаш тарафдори.
Иккинчи муҳим жиҳат — томонларнинг “захира қуввати”дир. Ҳозирги ҳолатга қарайдиган бўлсак, Эрон ҳарбий жиҳатдан сезиларли йўқотишларга учраган. Хусусан, унинг ҳарбий денгиз кучлари заифлашган, ҳаво ҳудудида эса АҚШнинг устунлиги кузатилмоқда. Бундан ташқари, Эрон иқтисодиётига ҳам жиддий зарар етган.
Маълумотларга кўра, оғир металлургия саноатининг катта қисми издан чиққан ва ишлаб чиқариш ҳажми кескин камайган. Худди шундай ҳолат нефт-кимё соҳасида ҳам кузатилмоқда — бу тармоқ замонавий иқтисодиётнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади.
Озиқ-овқат масаласи ҳам долзарб муаммога айланган. Эрон йилига тахминан 20 миллион тонна дон етиштиради ва ички эҳтиёжнинг тахминан 70 фоизини қоплай олади. Қолган қисми импорт ҳисобига тўлдирилади, жумладан Россиядан 5 миллион тоннадан ортиқ дон олиб кирилади. Умуман олганда, йилига 7–8 миллион тонна дон импорт қилинади.
Ҳозирги маълумотларга кўра, мамлакатда озиқ-овқат захиралари кескин камайган. Олдинроқ бу захира уч-тўрт ҳафтага етиши айтилган бўлса, ҳозир икки ҳафталик даражада экани таъкидланмоқда. Айрим ҳудудларда ҳатто нон учун навбатлар юзага келган.
Агар томонларнинг имкониятларини солиштирадиган бўлсак, ноябргача бўлган даврда Трампнинг имконияти анча кенг. У Сенатда ҳозирча устунликка эга. Эрон эса бу борада анча чекланган имкониятларга эга.
Шу нуқтайи назардан қараганда, ҳозирча устунлик АҚШ томонида эканини айтиш мумкин. Эроннинг манёвр қилиш имкониятлари эса анча паст даражада қолмоқда.
Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
23:37 / 20.04.2026
«Форсча шахмат Трампга оғирлик қиляпти» – музокараларда мужмаллик ҳукмрон
21:07 / 20.04.2026
Эрон ва АҚШ сулҳи муддати тугамоқда, тинчлик келишуви эса ҳамон йўқ
15:22 / 20.04.2026
🔴 LIVE: Ҳўрмуздаги вазият ва янгича НАТО модели | “Геосиёсат”
14:15 / 20.04.2026