Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Европани ракетадан ҳимоя тизими яратишга чақирмоқда
Украина президенти Володимир Зеленский Киев Россияга қарши уруш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда баллистик ракеталардан ҳимоя тизимини яратиш бўйича аллақачон бир нечта Европа давлатлари билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.
Европага баллистик ракеталардан ҳимоя қилувчи ўз тизимини яратиш зарур. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 19 апрель, якшанба куни “Ягона янгиликлар” телемарафони эфирида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Украина мамлакатнинг Россияга қарши мудофаа уруши тажрибасини инобатга олган ҳолда, бундай тизимни ишлаб чиқиш бўйича бир нечта Европа давлатлари билан аллақачон музокаралар олиб бормоқда. Зеленский буни “ўта мураккаб, аммо амалий вазифа” деб атади, бироқ қайси давлатлар билан музокара кетaётганини аниқлаштирмади.
Reuters агентлигининг қайд этишича, Россиянинг баллистик ракеталари зарбаларидан ҳимояланиш Украина мудофаасидаги энг жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Чунки Россия айнан шу турдаги қуроллар билан мамлакатнинг энергетика объектларига атайлаб зарбалар бермоқда.
Ҳозирги вақтда бундай ҳужумларни фақат АҚШнинг Patriot ҳаво мудофаа тизими ракеталари тўхтата олади. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши, шунингдек, Форс кўрфази ҳудудида ушбу ракеталарнинг фаол қўлланиши фонида уларни харид қилиш тобора қийинлашмоқда.
Reuters ёзишича, Patriot тизимига муқобил ҳисобланган Франция-Италиянинг SAMP/T ҳаво мудофаа тизими ҳозирча нисбатан кам миқдорда ишлаб чиқарилмоқда ва мавжуд талабни қондиришга қодир эмас.
Зеленский телемарафонда берган интервьюсида Украина Ҳиндистон билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича келишув ишлаб чиқаётганини ҳам айтди. Аввалроқ Украина президенти мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеровга қатор давлатлар билан шунга ўхшаш келишувлар лойиҳаларини якунлаш топшириғини берганини маълум қилган эди.
Зеленскийнинг айтишича, Киев хавфсизлик масалалари бўйича Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания, Сурия, Уммон, Кувайт ва Баҳрайн билан мулоқот олиб бормоқда.
2026 йил баҳорида Украина Саудия Арабистони ва Қатар билан ўн йиллик муддатга мўлжалланган мудофаа ҳамкорлиги тўғрисидаги битимларни аллақачон имзолаган.
Хусусан, Зеленский таъкидлашича, Яқин Шарқ давлатлари Украинанинг дронлардан комплекс ҳимоя ва радиоэлектрон кураш тизимларини харид қилишга қизиқиш билдирмоқда.
Мавзуга оид
09:24 / 20.06.2026
Зеленский Полшанинг энг олий орденидан маҳрум этилди
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
20:34 / 19.06.2026
Капотнядаги заводга Россия ракетаси тушгани маълум қилинди
18:17 / 19.06.2026