Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ–Эрон уруши: сулҳ тугаяпти
Саноқли соатлардан сўнг АҚШ ва Эрон ўртасидаги чалажон сулҳ муддати тугайди. Агар сулҳ узайтирилмаса ва Қўшма Штатлар Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарбалар берса, мамлакат оғир инқирозга юз тутади. Бошқа томондан, Эрон ҳам жавобан араб давлатларидаги стратегик нишонларга зарба бериш эҳтимоли мавжуд. Бу эса минтақада кенг кўламли гуманитар фалокат ва беқарорликка олиб келиши мумкин.
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Шуҳрат Расул, Ҳикматулла Казакбаев ва Камолиддин Раббимов воқеаларнинг эҳтимолий энг ёмон сценарийлари ҳақида сўз юритишди.
Шуҳрат Расул: Катта эҳтимол билан сулҳ келишуви амалда силлиқ кечмаяпти. Чунки Эрон томони эртага Исломободга делегация юборишдан бош тортди. Уларнинг асосий эътирози шундаки, АҚШ блокадани бекор қилмаган. Айнан шу омил вазиятнинг кескинлашишига сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Қолган масалалар ҳам мавжуд бўлса-да, асосий урғу блокада масаласига қаратилмоқда.
Бироқ бу можаронинг муҳим нозик жиҳатлари ҳам бор. Масалан, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бўғоз очилгани ҳақида баёнот берганидан бир неча соат ўтиб, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси матбуот котиби уни масъулиятсизликда айблаб чиқди. У ҳатто бундай амалдорларни жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳолат Эрон ичида қарама-қарши позициялар мавжудлигини кўрсатади.
Шунингдек, президент Масъуд Пизишкиён ҳам аввал қўшни давлатлардан узр сўраб, кейинчалик бу позициясини қайта кўриб чиққандек таассурот қолдирди. Умуман олганда, мамлакат ичида мувофиқлаштирилган ягона сиёсий йўналиш етишмаётгани сезилмоқда.
Шахсий кузатувларимга кўра, Эрон ичида икки хил марказ ва икки хил ёндашув шаклланган: бир томони музокаралар ва келишув тарафдори, иккинчи томони эса анча кескин ва радикал талабларни илгари сурмоқда. Бу радикал позиция, асосан, ИИҚК доираларига тегишли бўлиб, улар давлатнинг юқори лавозимли амалдорларини ҳам очиқ танқид қилмоқда. Эҳтимол, айнан шу кучлар режалаштирилган учрашувнинг бекор қилинишига таъсир кўрсатмоқда.
Ароқчининг баёнотидан сўнг 8 та кема бўғоздан ўтган, бироқ ортга қайтаётган 4 та танкер – жумладан Ҳиндистон, Франция ва Буюк Британияга тегишли кемалар ўққа тутилиб, ортга қайтишга мажбур қилинган. Улар ҳатто рухсат берилганини эслатиб, ортга бурилиш учун имкон сўраган. Бу эса ҳудудда айрим ҳарбий бўлинмалар мустақил ҳаракат қилаётганини англатади.
Агар оташкесим бузилиб, тўқнашув яна кучайса, оқибатлар ниҳоятда оғир бўлиши мумкин. Хусусан, 22 апрел куни Доналд Трамп агар келишувга эришилмаса, дастлаб режалаштирилган кескин чоралар кўрилишини билдирган эди. Маълумотларга кўра, Эронда 130 га яқин иссиқлик электр станцияси мавжуд бўлиб, электр энергиясининг қарийб 85 фоизи газ ёқиш орқали ишлаб чиқарилади, қолган қисми эса мазут ҳисобига таъминланади. Ушбу инфратузилма нишонга олинадиган бўлса, мамлакат энергетика тизими издан чиқиши мумкин.
Бундай зарбалар халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан ҳарбий жиноят сифатида баҳоланади ва кенг кўламли гуманитар фалокатга олиб келади. 90 миллиондан ортиқ аҳоли электр, озиқ-овқат ва асосий яшаш воситаларидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу эса очарчилик хавфини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, Эроннинг эҳтимолий жавоби ҳам жиддий хавотир уйғотади. Айрим сценарийларга кўра, Эрон учинчи давлатлар инфратузилмасига зарба бериши мумкин. Хусусан, Кўрфаз араб давлатларининг сувни чучитиш иншоотларига ҳужум қилиш эҳтимоли мавжуд. Бу ҳолатда ўнлаб миллион аҳоли ичимлик сувсиз қолади ва яна бир гуманитар инқироз юзага келади.
Умуман олганда, гап юз миллионлаб аҳолига таъсир қилиши мумкин бўлган кенг кўламли гуманитар фалокат ҳақида бормоқда. Бундай шароитда ҳар қандай кескин ҳарбий ҳаракат вазиятни янада оғирлаштиради. Албатта, Эроннинг жавоб қайтариш ҳуқуқи мавжуд, бироқ бу жавоб халқаро ҳуқуқ доирасида бўлиши зарур. Акс ҳолда, ҳар икки томон ҳам ҳарбий жиноят содир этган тарафга айланади.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
23:12 / 21.04.2026
Трамп: Эрон билан сулҳ узайтирилмайди, ҳаво зарбалари қайта бошланади
19:56 / 21.04.2026
Трампнинг баёнотлари нега бир-бирига зид бўлиб чиқади?
15:42 / 21.04.2026
Эрон иккинчи турга рози бўлди, Вэнс Исломободга келмоқда
10:45 / 21.04.2026