Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энг кўп сотилган видеоўйинлар рейтинги эълон қилинди
Видеоўйинлар дунёга энг тижорий муваффақиятга эришган кўнгилочар маҳсулотлардан айримларини тақдим этди. Бироқ бу борада етакчи ўйин масаласи, у қадар оддий кўринганидек, унчалик ҳам аниқ эмас.
Бу рейтинг HP’нинг 2026 йилги янгиланган савдо маълумотларига асосланган бўлиб, у барча даврларнинг энг кўп сотилган ўйинларини таққослайди. Биринчи ўринда 520 миллиондан ортиқ нусхада сотилган Tetris турибди. Бироқ унинг етакчилиги баҳсли ҳисобланади: 1984 йилдан буён ўйин ўнлаб турли платформаларда чиқарилган.
Tetris анъанавий равишда энг кўп сотилган ўйин сифатида кўрилади, аммо бу ерда ҳаммаси ҳисоблаш услубига боғлиқ. Ўйин ўнлаб йиллар давомида қайта-қайта чиқарилгани учун 520 миллион нусха кўрсаткичига ета олган. Айрим таҳлилчилар эса ҳар бир версияни алоҳида ҳисоблашни маъқул кўради — бундай ёндашувда Minecraft ягона маҳсулот сифатида тарихдаги энг кўп сотилган ўйинга айланади.
Эътиборлиси, ўйин индустриясининг узоқ тарихига қарамай, рекордчи ўйинларнинг аксарияти 2010 йилдан кейин чиққан. Minecraft, Grand Theft Auto V ва Terraria каби лойиҳалар рақамли тарқатиш, доимий янгиланишлар ва глобал ўйинчилар ҳамжамиятига ўтиш жараёнини яққол акс эттиради.
2009 йилда швед студияси Mojang Minecraft учун эрта кириш имкониятини очган. У ўзига хос жанрдаги ўйин бўлиб, унда ўйинчилар катта онлайн дунёда қуриш, тадқиқ қилиш, жанг қилиш ва ўзаро мулоқот қилиш имконига эга.
Қарийб йигирма йил ўтиб, Minecraft замонавий даврнинг энг муҳим ўйинларидан бирига айланди ва бутун дунё бўйлаб 350 миллион нусхада тарқалди. 2014 йилда Microsoft компанияси Mojang’ни 2,5 миллиард долларга сотиб олган.
Бугунги кунда ўйин атрофида улкан мухлислар ҳамжамияти шаклланган: ҳар йили Minecon конвенцияси ўтказилади, 2025 йилда эса A Minecraft Movie фильми экранга чиқиб, прокатда 960 миллион доллардан ортиқ маблағ йиғди.
2026 йил ноябрь ойида Grand Theft Auto VI чиқиши кутилмоқда. Унга бўлган катта қизиқишнинг асосий сабабларидан бири — олдинги қисм, яъни Grand Theft Auto V муваффақиятидир. Бу ўйин 2013 йилда релиздан атиги уч кун ўтиб, 1 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган ва ўз даврининг энг тез сотилган кўнгилочар маҳсулотига айланган.
Шундан буён Grand Theft Auto V 225 миллиондан ортиқ нусхада сотилди ва ҳатто консоль билан бирга тарқатилган Wii Sports (83 миллион) каби машҳур лойиҳаларни ҳам ортда қолдирди.
Унинг тижорий муваффақиятига фақат саноқли ўйинлар яқинлаша олди. Масалан, Rockstar Games томонидан ишлаб чиқилган Red Dead Redemption 282 миллион нусха кўрсаткичига эришди. Бу билан у Mario Kart 8 Deluxe (79 миллион), The Elder Scrolls V: Skyrim (60 миллион) ва Super Mario Bros. (58 миллион) каби хитларни ортда қолдирган.