Соғлом ҳаёт | 21:36 / 23.04.2026
4511
4 дақиқада ўқилади

Юқори қон босимидан халос қиладиган 7 та углевод айтилди

Биз кўпинча қомат учун «зарарли» деб ҳисоблайдиган машҳур маҳсулотлар, олимларнинг маълумотларига кўра, қон томирлари ва юрак саломатлиги гарови бўлиб чиқди.

Фото: Shutterstock

Юқори қон босими кўпинча «сокин қотил» деб аталади, чунки у йиллар давомида организмни сездирмасдан вайрон қилади, деб ёзди EatingWell.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) статистик маълумотларига кўра, ҳар иккинчи катта ёшли одамда қон босими билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, бу тўғри овқатланиш рационини топишни ҳаётий заруратга айлантиради.

Шунинг учун нашр уни яхшилаш учун сотиб олиш керак бўлган 7 та маҳсулотдан иборат тўпламни тузди.

Банан

Банан калий учун энг қулай манбалардан биридир. Бу минерал организмга ортиқча натрийни чиқариб ташлашга ёрдам беради ва қон томирлари деворларидаги зўриқишни бартараф этади. Америка кардиология ассоциацияси тавсияларида кўрсатилганидек, рационда калий миқдорини ошириш тонометр кўрсаткичлари 120/80 дан юқори бўлганлар учун жуда муҳимдир.

Ловия

Ловия, нўхат ва ясмиқ шунчаки гарнир эмас, балки қон томирларини тозалаш учун кучли воситадир. Улар таркибида магний ва артерияларнинг эластиклигини сақлашга ёрдам берадиган махсус турдаги клетчатка мавжуд. Nutrients журналида эълон қилинган тадқиқотларга кўра, ўсимлик оқсили ловиядаги эрувчан клетчатка билан биргаликда юрак фаолиятини сезиларли даражада енгиллаштиради.

Йогурт

Ширинлик қўшилмаган табиий йогуртда гипертония билан курашиш учун бир вақтнинг ўзида учта асосий минерал мавжуд: кальций, магний ва калий. International Dairy Journal журналидаги мавжуд маълумотларга кўра, унинг таркибидаги пробиотиклар ҳам ичак микрофлорасини соғломлаштириш орқали қон босими даражасига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Фото: Pixabay

Тарвуз

Унинг таркибида қон томирларининг кенгайишига ёрдам берадиган аминокислоталар мавжуд бўлиб, улар автоматик равишда босимни пасайтиради. Diabetes Research and Clinical Practice журналида чоп этилган илмий маълумотлар тарвузни мунтазам истеъмол қилиш систолик босимни барқарорлаштиришга ёрдам беришини тасдиқлайди.

Сули ёрмаси

Яхлит донли сули уруғи холестерин даражаси ва қон босимини бир вақтнинг ўзида пасайтирадиган бета-глюканлар - махсус толаларга бой. Scientific Reports мақоласида айтилишича, рафинацияланган ёрмаларни яхлит дон билан алмаштириш инсультнинг олдини олиш учун DASH парҳезининг энг самарали қадамларидан биридир.

Қорағат (Черника)

Қорағатнинг кўк ранги антоцианлар борлигидан далолат беради. Бу антиоксидантлар томирларнинг ички қобиғи - эндотелийни мустаҳкамлайди. Biomolecules тадқиқотига кўра, ҳар куни ҳатто янги ёки музлатилган резавор меваларнинг кичик порцияси ҳам қон томирларга қонни яхшироқ ҳайдашга ёрдам беради.

Фото: iStock

Апельсин шарбати

Бир стакан табиий шарбат таркибида антиоксидант гесперидин мавжуд бўлиб, у юрак-қон томир тизимига бевосита таъсир кўрсатади. European Journal of Nutrition журналида енгил гипертония билан оғриган одамлар ушбу ичимликни нонуштага қўшиш орқали ўз аҳволини сезиларли даражада яхшилаган тажриба тасвирланган.

Эслатма, янгилик кўринишидаги материалларни шифокорнинг рецепти билан тенглаштирмаслик керак. Қарор қабул қилишдан олдин мутахассис билан маслаҳатлашинг.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид